Одамлар фойда келтиришига ишонмаган кашфиёт ва ихтиролар
Бирор бир синалмаган янгилик ўз йўлини топа олгунга қадар анча вақт курашишига тўғри келиб, кўплаб муаллифларнинг муҳим ихтиролари масхара ва нафрат билан кутиб олинган ҳоллар жуда кўп бўлган. Бугун бадхоҳ кишиларнинг ушбу ғоялар барбод бўлиши маҳкумлигига амин бўлган фикрига зид муваффақият эришган ихтиролар ҳақида гапириб ўтамиз.
Электр лампочкаси
XIX асрнинг энг сермаҳсул ихтирочиларидан бири Томас Эдисон биргина Қўшма Штатларда 1093 та патент олган. Эътиборлиси, у биринчи тижорий жиҳатдан муваффақиятли электр лампочкаси орқали тарихга кирди. Олдинги моделлар жуда қиммат ва самарасиз бўлган эди.
Эдисоннинг лампочкаси нафрат билан кутиб олинди: Стивенс Технология институти олими Генри Мортон ихтиро “шак-шубҳасиз муваффақиятсизликка учрашиши”ни башорат қилди. Афтидан қадим Британияни қоронғу асрларда қолдиришга қарор қилган Буюк Британия парламент қўмитаси бу лампочкага нисбатан “бизнинг трансатлантик дўстларимиз бир назар ташласа бас... лекин омилкор ёки илмий кишиларнинг эътиборига лойиқ эмас”, деган хулосага келган.
Ўзгарувчан ток
Кўринишидан Томас Эдисон ўзининг қораловчилардан қолишмаган ва аслида у ҳам бугунги кунда энг кўп қўлланилиб келинаётган ихтиролардан бирининг танқидчиси бўлган.
Гарчи бу электр таъминотининг янада самарали ва қулай усули бўлса-да, Эдисон электр қуввати тизимлари тарафдори эди ва кўпинча Никола Тесланинг ўзгарувчан ток моделини масхара қилган эди. Шу жумладан, Эдисон “ўзгарувчан ток билан чалғитиш – вақтни беҳуда сарфлашдир, ундан ҳеч ким ҳеч қачон фойдаланмаслиги аниқ”, деган ноаниқ башоратни қилган.
Телефон
1876 йилда шотландиялик Александр Белл телефон учун патент олган биринчи ихтирочи бўлди – бу тарихий лаҳза уни “замонавий алоқаларнинг отаси”га айлантирди ва у ўз ихтиросини сотиш ҳаракатига тушди.
Белл Американинг Western Union компаниясига мурожаат қилиб, уларга ўз патентига бўлган ҳуқуқларини 100 000 долларга таклиф қилди. Бироқ компания “қурилмадаги аниқ камчиликларни рўкач қилиб, уни ҳатто ўйинчоқ дейишга арзимайди”, деб таклифни рад этди.
Тиниб-тинчимаган Белл 1877 йилда Bell Telephone компаниясига асос солди ва ўн йилдан камроқ вақт ичида 150 мингдан ортиқ Қўшма Штатликлар телефон эгасига айланди.
Автомобиллар
x
1899 йилда “Адабий дайжест” журнали автомобиллар тўғрисида шундай изоҳ берди: “Энди бойлар учун ҳашаматга айланган оддий “отсиз арава”, келажакда унинг баҳоси тушиши аниқ ва унга ҳеч қачон велосипедда бўлганидек эҳтиёж бўлмайди”.
Тўрт йил ўтгач, Мичиган жамғарма банки президентидан “от шу ерда қолади, машина эса шунчаки янгилик, ғалати инжиқлик” деб масалаҳат олган детройлик ҳуқуқшунос Гораций Рэкхем бу маслаҳатни эътиборсиз қолдирди ва 1908 йилда 1918 йилга келиб Америкадаги автомобилларнинг ярмини қамраб олган Ford Motor компанияси Т моделли автомобилни ишлаб чиқди.
Космик парвозлар
ХХ асрда Совет Иттифоқи космик саноатида етакчи эди ва Константин Циолковский ракеталар ёрдамида коинотни забт этиш йўлларини топишга ҳаракат қиларди. Бунга ишонмаган америкалик ихтирочи Ли Ди Форест 1920 йилларда “Фан қанчалик ривожланиб кетмасин, мен одамларнинг бундай парвозларни ҳеч қачон амалга ошира олмаслигига кафолат бераман”, деган эди:
"Нью-Йорк Таймс" газетаси ҳам шу каби “Ракета Ер атмосферасини тарк эта олмайди”, деган хулосага келди. Бироқ, 1961 йилда космонавт Юрий Гагарин коинотга учган биринчи одам бўлди ва 1969 йилда “Апполон II” космик кемаси Ойга муваффақиятли қўнди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.