Одамлар қаерга шошяпти? Ёки яна “ўпкаси” йўқ ҳайдовчилар ҳақида
"Дамас"имни юрғиздим-да, икки неварамни ҳамроҳ қилиб, иш билан Каттақўрғонга йўлга чиқдим. Боришда муаммо бўлмади. Аммо қайтаётганимизда бир фалокатдан омон қолдик.
Каттақўрғондан чиқиб, Иштихоннинг Сафохўжа деган жойидан ўтаётганимизда йўл ёқасида молларини ўтлатаётган болага кўзим тушди. Подадан бир бузоқча ажралиб, йўлнинг қатнов қисмига чиқа бошлагач, машинамни секинлатиб, четга олдим. Ортимдан келган “Ласетти” эса тўхташга улгурмай, йўлнинг иккинчи қаторига чиқиб кетди ва унда келаётган бошқа машина билан тўқнашди. Бизку майли, ўша икки уловдаги йўловчиларнинг қанчалар қўрққанини тасаввур қилинг.
Телевизорда кўп кўрсатишади, ўзим ҳам йўлларда гувоҳи бўляпман, ҳайдовчиларимизнинг маданияти мақтангулик эмас. Йўлга чиқсангиз, юракни ҳовучлаб юрасиз. Кимдир светофорнинг чироқларини писанд қилмайди, бошқаси истаган жойида тўхтаб йўловчи олади, яна бири огоҳлантиришсиз йўлингизга чиқиб келади. “Учар” ҳайдовчиларку бу тоифаларнинг энг хавфлиси – одамларнинг ҳаётини писанд қилмайдигани.
Хўш, улар қаерга шошади? Аслида муаммо вақтда эмас, балки маданиятда. Улар шу йўл билан бошқалардан устун эканлигини кўрсатмоқчи бўлади, назаримда. Аслида, тескарисини исботлайди.
Таклифим, бундай ҳайдовчиларга қатъий чора кўриш керак. Токи улар ўзини тийиб, йўлларимизда хавфсизлик таъминлансин. Фаровонлик фақат уйдаги муҳит билан белгиланмайди.
Сафар Мамадалиев, Оқдарё тумани.