Одамларнинг мол-мулкини ўмарган "шоввоз" йигит 11 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди
Жасур муқаддам икки маротаба судланган, деб ёзмоқда “Адолат сари” газетаси. Иккинчи марта судланганда 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг ажримига кўра унинг айбловидан ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми “а” банди чиқарилиб ташланди. Ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилди. Унинг ўталмаган жазоси 5 йил 10 ой қолганди. Аммо бу муддатнинг янаям узайишига Жасурнинг ўзи сабабчи бўлди. Жомбой туманида жойлашган жазони ижро этиш муассасасида жазосини ўтаётганлар қатори у ҳам шаҳардаги “Васток Меркурий” МЧЖда шартнома асосида ишлаб келади.
Бир куни тунда Жасур бу ердан девор ошиб кўчага чиқди. Таксига ўтириб, “Азиз” бозори олдига келди. Атрофни зимдан кузатиб чиқди. Кўп қаватли уйларнинг биридаги биринчи қаватнинг деразаси очиқлигини кўрди. Жасур дераза ошиб уйга кирди. Уйдагилар ухлаб ётганди. Жасур оёқ учида уйни айланиб, 500 000 сўм пулни олиб чиқиб кетди.
Жасур кейинги тун яна шу манзилга келди. Кўп қаватли уйлар ёнидаги бир хонадонга кирди. Чўнтагидан рўмолча олиб юзига боғлади. Уйга кирганда хонадон соҳибаси Нодира намоз ўқиётганди. Йигит Нодирани яна ухлаб қолди деб ўйлади. Ошхонага кириб шкаф эшигини очди. Аёл уйида кимдир борлиги сезди. Йигитни кўриб “кимсан?” деди. Жасур югуриб бориб, аёлнинг оғзини ёпди. Бўйнига пичоқ тираб, “бақирсанг сени ҳам болаларингни ҳам ўлдираман” деди. Тонг ёришиб қолганди. Нодира кўз қирини йигитга ташлади. Ўғри йигитнинг қўлида қора қўлқоп, юзини ўраб, бошидаги кепкани бостириб олганди.
- Пулларинг қаерда? – деди дўқ қилиб Жасур.
- Пулим йўқ.
- Алдама мени, - деди пичоқни аёлнинг бўйнига қаттиқроқ тираб.
Нодира қўрқиб кетди.
- Илтимос, болаларимга тегманг! Тилаларим бор, - деди.
- Қаерда тиллаларинг, - деди йигит янаям важоҳатлироқ оҳангда.
- Ошхонада. Шкафдаги чойнакда.
Жасур аёлни итариб ошхонага бошлади. Нодира ўз қўли билан 3.500.000 сўмлик тақинчоқларини беришга мажбур бўлди.
Бир неча кунлардан сўнг Жасур қулай фурсат топиб яна кўчага чиқди. Бу гал у “Суғдиёна” маскани томон йўл олди. Кўп қаватли уйлар атрофини айланиб юриб, орқа эшиги очиқ бир уйга кўзи тушди. Уй эгалари ёз ҳавоси бўлгани учун ташқарида ётганди. Йигит очиқ эшикдан уйга кирди. Бу ердан 250 евро, 550 АҚШ доллари ва 25.000.000 сўмлик талла тақинчоқларни олиб чиқди.
Кўп ўтмай у яна “Суғдиёна” томон йўл олди. Бу сафар у Фотиманинг тинчини бузди. Очиқ турган дераза орқали уйга кириб, 1.500.000 сўмлик телефон аппарати, 150.000 сўм ҳамда 100.000 сўмлик аёллар сумкасини ўмарди. Боласи билан ухлаб ётган Фотима ҳеч нимани сезмади. Тонг отгач уйига ўғри кирганини билди.
Орган ходимлари унинг қилмишларига чек қўйди.
Суд ҳукми билан Жасур Рўзиев ўталмаган жазосини мазкур тайинланган жазога қисман қўшиш йўли билан узил-кесил қатъий ўташ учун 11 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Жазони ижро этаётиб ҳам ўғирликка қўл урган Жасурнинг қилмишлари доно халқ тилидаги “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”, деган ибратли гапни яна бир бор исботлади.