Оғир беморларга шошилинч консультатив ёрдам кўрсатиш вақти тезлашди

Қарийб 20 йилдан буён Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали қошида санитар авиация хизмати фаолият юритади. Мазкур хизмат вилоятимизнинг 5 км.дан 150 км. масофагача бўлган шаҳар ва туманларида жойлашган тиббиёт муассасаларидаги чақалоқлар туғилишидаги асоратлар, ўткир буйраклар етишмовчилиги, қаттиқ жароҳатлар, кома ҳолати ҳамда заҳарланиш каби оғир ҳолатлардаги беморларга ташхислаш ва даволаш амалиётларини шошилинч тарзда амалга оширади.

Жорий йилнинг февраль ойида вилоят ҳокимлиги томонидан шошилинч тиббий ёрдамга мўлжалланган мазкур санитар авиация хизмати учун иккита “Nexia” автомашинаси ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан берилган HUNDAY реанимобили бўлимнинг ишини янада осонлаштириб, беморларгача етиб бориш вақти тезлашди.

Ҳозирда санитар авиация хизматида 358 нафар малакали шифокорлар хизмат кўрсатади. Ўтган 2018 йилда санитар авиация хизмати бўлими томонидан жами 2183 та чақириқ қайд этилиб, 2442 нафар беморга ёрдам кўрсатилган. Мазкур чақириқларнинг 266 тасида шошилинч жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, 81 нафар бемор Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали ва вилоят даволаш-профилактика муассасаларига кўчирилган.