Ўғирланган автомашинада ЙТҲ содир этилди
- 30.05.2020 11:15
- 274
- Ҳодиса
Жорий йилнинг 28 май куни соат 02:30 да Наманган туманида яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг 169-модда 2-қисми билан судланган фуқаро спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда қўшнисига тегишли бўлган “Москвич” русумли автомашинани яшаш хонадонида қаровсиз қолдирилганидан фойдаланиб олиб қочади. Ўғирликдан хабар топган ҳудуд профилактика инспектори зудлик билан туман ИИБ навбатчилик қисмига ахборот беради.
Жиноят қидирув бўлими тезкор ходимлари ва кинолог ходимларнинг хизмат итлари ёрдамида автомашина тумандаги “Қоратепа-Гулдиров” йўналишидаги зовурдан топилди. Бироқ ўғирлик содир этган шахс воқеа жойидан ғойиб бўлган. Ашёвий далиллар ёрдамида ўғрининг шахси аниқланиб, қўлга олинди.
Ушбу ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.