Ўғирлиги учун қамалмаган самарқандлик йигит гиёҳвандлик воситасини сотгани туфайли 5 йилу 2 ойга “кесилди”
Самарқандлик 1993 йилда туғилган бу йигитча 2014 йилда ўғирлик қилгани учун судлаган. Ўшанда жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳукмига кўра, иш ҳақининг 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Тегишли хулоса чиқармаган Ваҳоб Олимов (исм, фамилиялар шартли) 2018 йил жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳукми кўра, 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилинган. Бу сафар фирибгарлик ҳамда ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш билан боғлиқ жинояти учун.
Жиноят ишлари бўйича Паст Дарғом туман судининг 2019 йил 16 август кунги ажрими билан ўталмаган 2 йил 3 ой 10 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси, шу муддатга иш ҳақининг 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.
Ўрганган кўнгилми ёки букрини гўр тўғрилайдими?! Қандай таъриф беришга ҳам иккиланасан. Негаки, ҳали жазо муддати тугамаган Ваҳоб яна жиноятга қўл урди.
Тўғри, у дастлаб қўлга тушмади: ўша куни Самарқанд шаҳар “Мармар” деҳқон бозори кириш дарвозаси олдида Холмурод Бекмуродовни танасининг турли соҳаларига уриб, яъни зўрлик ишлатиб, 200 минг сўмлик қўл сумкасини олиб қочган.
Орадан кўп ўтмай ўзининг айбли ижтимоий хавфли қилмишини давом эттириб, Самарқанд шаҳридаги супермаркетлардан бирининг олдида ўтказилган 1,05 грамм - озгинадан кўпроқ миқдордаги “марихуана” гиёҳвандлик воситасини сотган вақтда қўлга олинган.
Бу сафар суд Ваҳоб Олимовга ҳозирги кунга қадар ўталмаган ахлоқ тузатиш ишлари жазосига қисман қўшиб, узил-кесил 5 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Жазо қаттиқ тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.
Абдуҳаким ОЛТИБОЕВ,
жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси.