Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўғлини ҳимоя қилиш учун жанжалга аралашган ота тан жароҳати олиб вафот этди

Жорий йилнинг 22 ноябрь куни соат 16:00 да Ҳусниддин Р. Қашқадарё вилояти Косон тумани, Пахтазор МФЙда жойлашган озиқ-овқат маҳсулотлари бозорчаси ёнида, 24 ёшли фуқаро Миролим Б.ни кўриб қолиб, ўрталарида бўлган ўзаро адоват сабабли унга қасддан тан жароҳати етказиб, ундан қасд олиш мақсадида ушбу жанжалга акалари - 22 ёшли Руҳиддин Р., Озодбек Р.лар ва бошқаларни жалб қилган.

Бундан хабар топган, Миролим Б.га бирон-бир зиён етмаслиги учун ҳодиса жойига етиб келган фуқаро - унинг отаси 57 ёшли Маҳмуд М., акаси 27 ёшли Миржалол Б. ва поччаси, 35 ёшли Жамшид М.лар ушбу жанжалнинг олдини олиб, бартараф қилмоқчи бўлган. Аммо Ҳусниддин Р., Руҳиддин Р., Озодбек Р. ва бошқалар бир гуруҳ бўлиб, совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёларни ишлатган. Ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариб, яқин қариндоши бўлган Миролим Б.ни ҳимоя қилган ва жанжалнинг олдини олмоқчи бўлган фуқаро Маҳмуд М., шунингдек, унинг ўғиллари Миржалол Б., Миролим Б. ва Жамшид М.ларнинг турли жойларига қасддан уриб, турли даражада тан жароҳатлар етказган.

Оқибатда Маҳмуд М., Миржалол Б., Миролим Б. ва Жамшид М.лар турли даражадаги тан жароҳатлари билан Косон тумани тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. 

Дастлабки тергов жараёнида, 2020 йил 8 декабрда Ҳусниддин Р., Озодбек Р. ва Руҳиддин Р.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «б,к,л» бандлари билан айблов эълон қилиниб, Ҳусниддин Р., Озодбек Р.га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги, фуқаро Руҳиддин Р.га нисбатан эса “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шифохонада кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, фуқаро Маҳмуд М. олган тан жароҳати туфайли жорий йилнинг 11 декабрь куни вафот этган.

Жиноят иши эса ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми «б,к,л» бандларидан ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” бандига қайта малакаланган.

Тергов департаменти ахборот хизмати хабарига кўра, ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.