Ўғриларни тутган асаларилар, кишанланган дарахт
Бу ҳодисага биров ишонади, биров ишонмайди. Ахир, ақлбовар қилмайди-да! Лекин Кенияда бу ҳодиса рўй бергани рост.
Икки йўловчи ўзлари билан автобусда кетаётган аёлнинг оз эмас-кўп эмас, нақд 700 долларини ўғирлайди. Аёл полицияга мурожаат қилади, кейин ҳар эҳтимолга қарши фолбинга ҳам боради. Фолбин нима дегани маълум эмас-у, аммо кўпчиликнинг кўз ўнгида ўғрилар асаларидан қочиб полиция маҳкамасига келгани рост.
Ўғрилар автобусдан тушган заҳоти асаларилар уларни бошида ғушғон ўйнаб юз-кўзлари, бошларига қўниб кўз очирмабди, бироқ чақмабди. Таъқибдан қутулолмаган ўғрилар паноҳ излаб полиқияга келишга, айбларига иқрор бўлиб, пулни қайтариб беришга қарор қилишибди.
Буни қаранг, улар қамоққа олиниши билан асаларилар учиб кетибди.
***
Юз йиллар чамаси аввал ҳозирги Покистон ҳудудида бўлган Ланди Котале шаҳрида хизмат ўтаётган бир британ зобити ичкиликка муккасидан кетган экан. Аҳвол шу даражага борибдики, ичиб олган зобит унинг таъсирида кўчадаги дарахт билан низолашиб қолибди.
Унинг айтишича, дарахт яқин келинг, деган буйруғига буйсунмабди. Яъни, аксинча қироллик қуролли кучлари вакилидан нари қочишга уринибди.
Ҳурматсизликдан ҳақоратланган зобит дарахтни бундан кейин буйруқни бажаришдан бўйин товламаслиги учун занжирбанд қилиб, ерга мустаҳкамлаб қўйишни буюрибди.
Ўша кундан буён ҳозиргача бечора дарахт ҳибсда экан. Махсус тахтачадаги: «Мен қамоққа олинганман. Бир куни кечқурун ақлдан озган маст британ зобити мени олдинги турган жойимни ташлаб кетган деб ўйлаб, сержантга мени қамоққа олишни буюрди. Ўшандан буён қамоқдаман!», деган ёзув сайёҳларни қотиб-қотиб кулишга ундайди.
“Бечора дарахт, ўрнингдан қўзғалиб нима қиласан, жойингда туравермайсанми, яхшиям кесилиб кетмабсан», дегувчи йўқ.
Т.Шомуродов тайёрлади.