Оилавий болалар боғчаси қандай бўлиши керак?
Унга кўра, оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси фақат давлат-хусусий шерикчиликнинг оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларини моддий-техник ва услубий жиҳатдан таъминлаш шакли асосида қишлоқ жойларда ташкил этилади. Ушбу муассасалар фаолиятини олиб бориш учун лицензия талаб этилмайди. Муассаса якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтади. Оилавий боғчага 3-7 ёшгача бўлган 7-12 нафар бола қабул қилинади ва тарбияланади. Асосийси, ушбу боғчалар қишлоқ жойлардаги эҳтиёжи бор ҳар бир маҳаллада ташкил этилиб, болаларнинг қамровини оширишга хизмат қилади. Давлат томонидан юмшоқ мебель ва инвентарлар билан таъминланади.
– Чекка қишлоқларда боғчаларнинг йўқлиги ота-оналарнинг эътирозига сабаб бўляпти. Бу муаммо ечими борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Ҳозирда вилоятимиздаги давлат мактабгача таълим муассасалари сони 555 тадан 609 тага, нодавлат мактабгача таълим муассасалари сони 9 тадан 22 тага етди. Инвестиция дастури асосида 4 та боғча янгидан барпо этиляпти, 40 та давлат мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинмоқда.
Бугунги кунгача 233 ташаббускор тадбиркор рўйхати шаклланган эди. Уларни 700 тага кўпайтириш ишлари амалга ошириляпти. Бизнинг асосий вазифамиз тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга методик кўмак беришдан иборат.
– Боғчалардаги қисқа муддатли гуруҳлар фаолиятига ҳам тўхталиб ўтсангиз?
– Болаларнинг барчасини боғчаларга қамраб ололмасак-да, қисқа муддатли гуруҳларимиз орқали мактабгача ёшда бўлган болаларни таълим-тарбия олишга йўналтирганмиз. Гуруҳга 3-7 ёшгача бўлган болалар қамраб олиниб, бир маҳал овқат билан таъминланади. Ҳозирда вилоятимизда қисқа муддатли гуруҳларда 2860 нафар бола таълим олмоқда. Шунингдек, Жомбой туманида мактаб ёшидаги 2900 нафар болани мактабга тайёрлов гуруҳларига тўлиқ қамраб олиш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга ошириляпти. Йил якунигача давлат-хусусий шерикчилигида оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш, мавжуд боғчаларни қайта таъмирлаш орқали вилоятимизда болаларнинг боғчаларга қамровини 45 фоизга оширишни режалаштирганмиз.
– Болаларнинг соғлом овқатланиши бугунги кунда ота-оналарни қийнаётган муаммолардан бири десак, адашмаймиз.
– Тўғри, яхши, сифатли таълим олишда болаларнинг соғлом овқатланиши муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли илк бор Самарқанд шаҳридаги 5 та боғчада аутсорсинг тизими орқали болаларни овқатлантириш жорий қилинди. Бу ҳар томонлама ўзини оқламоқда. Ота-оналар ҳам бундан мамнун. Боғча мудираларининг асосий фаолияти таълим-тарбияни сифатли ташкил этишга сарфланяпти.
Яқинда бошқармамизнинг 6 нафар мутахассиси малака ошириш ва тажриба алмашиш мақсадида Корея Республикаси Донг-Чук университетида ташкил этилган ўқув-амалий семинарда иштирок этишди. Корея давлатида 95 фоиз болалар мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган. Муассасалар ота-оналарнинг иш фаолияти ва хоҳишига кўра, 9,5-10 ва 12 соатгача ишлайди. Таълим-тарбия бераётган тарбиячиларнинг барчаси олий маълумотли, профессорлардан иборат. Бизларда тарбиячиларнинг асосий қисми ўрта маълумотли. Уларнинг таълим олиши учун ҳам кўплаб қулайликлар яратилмоқда. Жумладан, университетда мактабгача таълим бўлими қайта очилди, бепул қайта тайёрлов курслари жорий этилмоқда. Улар орқали 2000 нафар мутахассис тизимга кириб келади. Шунингдек, Кореядаги боғчаларда машғулот ўтишда боланинг қизиқиши, хоҳиш-истаги инобатга олинади. Бола кун давомида эркин фаолиятда бўлиб, уйқуга кетиши мажбурий ҳисобланмайди.
Бобомиз Абдулла Авлоний айтганидек, таълим-тарбия биз учун ҳаёт-мамот масаласидир. Бу борада қанча ишласак, янгилик яратсак кам. Зеро, жамиятимизга соғлом, баркамол авлод вояга етишида мактабгача таълим муассасаларининг ўрни катта.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.
Бахтиёр МУСТАНОВ олган сурат.