Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Океанда 133 кун. Пань Лянь қандай қилиб омон қолди?

Бундан 78 йил аввал бразилиялик уч балиқчи 24 ёшли йигитни қутқариб қолишди. Маълум бўлишича, у тўрт ойдан кўпроқ вақт давомида Атлантика океани сувларида жон сақлашга муваффақ бўлган. У буни қандай қилди?

Вазият қурбони

Пань 1918 йилда Хитойнинг Хайнан провициясида туғилган. У аксарият маҳаллий аҳоли сингари денгизчи касбини танлаган. 1942 йилда 24 ёшли йигит Британиянинг савдо юклари ташийдиган «Бен Ломонд» кемасида стюард сифатида ишга жойлашди. Уруш пайтида бу иш ўта хавфли бўлган, аммо яхши ҳақ тўланган.

Ляннинг кемаси тижорий ҳисобланса-да, у ҳарбий транспортга ўхшаб кетарди. 1942 йилнинг ноябрь ойида Кейптаундан Голландиянинг Гвиану шаҳрига режалаштирилган рейсда унга немис сувости кемаси ҳужум қилди. Снаряд кемага шикаст етказиши натижасида у тезда чўка бошлади. Пань Лянь дарҳол қутқарув нимчасини кийиб олди. У кема қозонхоналари портлашидан олдин ўзини сувга ташлади. Баъзи маълумлотларга кўра, ўшанда 55 денгизчидан атиги 11 нафари қочишга муваффақ бўлган. Омадли кишилардан бири Пань бўлиб чиқди.

Қутқарув кемаси

Уммонда бир неча соат вақт ўтказган йигит 2,5х2,5 метрлик ҳеч кими йуқ кичик бир солсимон ясси кемани кўриб қолди. Унга чиқиб, атрофни кузатди. Бортда 40 литр сув, бир неча қути консерва ва печенье, бир оз шакар ва шоколад, фонарь ва бир нечта сигнал чироқлари бор эди. Бундай озиқ-овқат захираси йигитга ёрдам келгунча етарли бўлиши керак эди.

Кунлар ва ҳафталар ўтди, гарчи кема юк ташувчилар ҳудудида ҳалокатга учраган бўлса-да, қутқарувчилардан дарак бўлмади. Йигит маҳсулотларни аввалига ҳафтага, сўнгра ойларга тақсимлаб чиқди.

Экстремал шароит

Шу вақт давомида озиқ-овқат тугади. Лянь чодирда ёмғир сувини йиға бошлади. Бир неча кунлик тажрибалардан сўнг ғилдиракка айлантирган чироқ симлари билан балиқ овлай бошлади. Бир куни у ҳатто акула ушлашга муваффақ бўлди. Йиртқич уни ўлдиришига сал қолди, лекин Лянь уни консерва банкаси билан бир ёқлик қилди. Йигит қуш овлаш усулини ҳам ўйлаб топди. Гўштнинг бир қисмини еб, қолганини қуёшда қурита бошлади.

Ҳаракатсизликдан оёқлари шишиб кетар, Лянь сузиш орқали муаммо билан курашишга уринарди, чўкиб кетмаслик учун ўзини арқон билан кемага боғлаб қўярди.

Узоқ кутилган нажот

Кунларнинг бирида Лянь океан сувининг ранги кескин ўзгариб кетганини пайқади. Бу қуруқлик яқинлигини англатарди. Бундан ташқари, чайкалар кема устида кўпроқ айлана бошлаганди.  Ички ҳисси уни алдамади, тез орада бразилиялик балиқчилар уни кўриб қолди ва 1943 йилнинг 5 апрелида хитойлик денгизчи қутқарилди. Кўринишига қараб балиқчилар йигит кунларини анча вақт очиқ океанда ўтказганлигини англаб олишди.

Ажойиб рекорд

Балиқчилар йигитни Маража кўрфасига олиб боришди ва таржимон орқали Лянь Пань «Бен Ломонд» кемаси ҳалокатга учраганда омон қолганлигини билиб олишди. Маълум бўлишича, йигит бир неча ой давомида ўлик деб тахмин қилинган. Океанда у 133 кунни ёлғиз ўтказди. Териси қўпол ва ёрилиб кетган, баъзи жойлари ҳатто куйган эди. Шу билан бирга денгизчи атиги 9 килограмм вазн йўқотди. Бундан ташқари, у солсимон кемада ёлғиз ўзи туриш бўйича шу вақтга қадар ҳеч ким қила олмаган рекордни ўрнатди.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.