Оксфорд вакцинаси самарадорлиги маълум бўлди

AstraZeneca Британия-швед компанияси ва Оксфорд университети томонидан ишланаётган AZD1222 вакцинасининг ўртача самарадорлик кўрсаткичи 70 фоизни ташкил этмоқда. Бу ҳақда фармацевтика компанияси сайтида хабар берилган.

Синовларда вакцина юборишнинг икки усули қўлланилди. Биринчи ҳолатда 2,7 мингдан ортиқ кишига AZD1222 вакцинасининг дастлабки ярим дозаси, бир ой ўтгач эса тўлиқ дозаси қилинди ва самарадорлик 90 фоизни ташкил этди. Бир ойлик фарқ билан иккита тўлиқ дозани қўллаш усули 9 минг кишида синовдан ўтказилди ва натижа атиги 62 фоизни ташкил этди. Дозалашнинг ҳар икки режимининг бирлашган таҳлили ўртача 70 фоиз самарадорлик кўрсаткичига эга бўлди.

Шунингдек, тадқиқотлар давомида, икки доза вакцина олгач, коронавирусдан ҳимоя 14 кун ўтгач пайдо бўлиши аниқланди. AZD1222 синови иштирокчиларида касалликнинг оғир ҳолатлари қайд этилмади.

Сентябрь ойида тадқиқот иштирокчисидан бири кўндаланг миелит (умуртқа поғонаси яллиғланиши) билан касалланганидан сўнг AstraZeneca COVID-19 вакцинаси синовларини тўхтатиб қўйди. Кейинчалик, октябрь ойида AstraZeneca вакцинаси миллий синовларининг кўнгилли қатнашчиларидан бирининг ўлими ҳақида маълум бўлди. Тест иштирокчиси плацебо (дори шаклида тайёрланган, ҳеч қандай шифобахш хусусиятга эга бўлмаган зарарсиз модда) олгач, компания синовларини давом эттирган.

Г.ХОЛДОРОВА тайёрлади.