“Олти ойда маҳаллаларда олдини олиш мумкин бўлган 12 мингга яқин жиноят содир этилган”: Президент ИИВ тизими ҳақида

Фарғона шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Унда Президент ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги ишлар аҳволини таҳлил қилиб, келгусидаги вазифаларни белгилаб бермоқда.

“Аслида ҳам, аҳолининг тинчлигини таъминлаш маҳалладан бошланиши керак. Лекин маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш аҳволидан халқимиз қанчалик рози?”, - дея савол қўйган Президент”.
Мисол учун, ўтган олти ойда маҳаллаларда барвақт олдини олиш мумкин бўлган 12 мингга яқин жиноят содир этилган.
Қотиллик ва тан жароҳати билан боғлиқ жиноятларнинг 50 фоизи оилавий-маиший низолар ва мунтазам жанжаллар оқибатида, ўғриликнинг 70 фоизи ишсизлик ва моддий етишмовчилик сабаб, ёшлар ва ўсмирлар жиноятлари, асосан, оиладаги муҳит ва ҳуқуқий саводхонлик етишмаслиги туфайли содир бўлмоқда.
Шунингдек, айрим ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари жиноятчиликни олдини олишда жиловни қўйиб юборган.
"Улар орасида шахсий манфаатларини касбий мажбуриятларидан устун кўраётган, ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлашга номуносиб бўлган бир қатор раҳбарлар ҳам бор", - деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда мамлакатимиз бўйича криминоген вазият мураккаб бўлган, “қизил” тоифага киритилган маҳаллалар энг кўп Тошкент шаҳри, Фарғона, Қашқадарё, Бухоро ва Наманган вилоятларига тўғри келгани кўрсатиб ўтилди.
Ўтган олти ойда маҳалладаги ўта оғир ва оғир жиноятлар Фарғона, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри, Бухоро, Андижон, Қашқадарё вилоятларида энг кўп содир этилган.
Фарғона шаҳрида ўғрилик, Наманган шаҳрида безорилик, Қўқон шаҳрида тан жароҳати, Самарқанд шаҳрида номусга тегиш ва товламачилик, Миробод туманида қотиллик кўп юз берган.