Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Олтин медаль билан мактабни тугатган ректорлар: уларнинг биринчи ўқитувчиси ким бўлган?

Байрам арафасида Zarnews.uz сайти Самарқанддаги олий таълим муассасаларининг айрим ректорларидан мактаб ҳаёти ва биринчи синф ўқитувчиси ким бўлгани ҳақида маълумот олди. Ректорларнинг мактабда қандай ўқигани албатта ҳаммага қизиқ. Айниқса, талаба-ёшларга. Шундай эмасми?

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори Худойназар Юнусов: “Устозимиз биз учун билимлар дунёси эди...”

Қашқадарёнинг Яккабоғ туманида жойлашган 48-ўрта мактабда ўқиганман. Мактабимиз ўша пайтлар 8 йиллик эди. Илк бор мактаб остонасида бизни кутиб олган ва “Алифбо”ни ўргатган устозим – Шербобо Тошев эди (илгари ўқитувчилар асосан, эркаклар бўлган). У қаттиққўл, адолатпарвар ва талабчан эди. Илк ҳаёт сабоғини, маърифатни ўша устозимдан ўргандим. Тушунмаган, билмаган нарсалар ҳақида тортинмай сўрайверардик. Устоз жавоб беришга эринмасди, саволларимиз жавобсиз қолмасди...

Аълочи эдим, чорак баҳолари тугул, ҳатто кундалигимга ҳам “4” баҳо туширмасликка ҳаракат қилардим, тенгдошларим билан бу борада қаттиқ мусобақалашардик. Аттестатимда ҳам “4” баҳо йўқ. Ўқишга иштиёқ жуда кучли бўлган бир даврлар эди. Ҳар йили бир неча фан олимпиадаларига бирданига қатнашардик. Биологиядан чиқиб кимёга, ундан сўнг тарих фанига кириб кетаверардик.

Одатда, ҳар йили олимпиадаларга қатнашувчилар бир хил бўларди. Бундай ўқувчиларга ўқитувчиларнинг муносабати қандай бўлишини ўзингиз биласиз. Устозларимиз билан жуда қадрдон эдик. Устозларимиз 7-8-синфларда баъзи дарсларини ишониб, бизга топширишарди, ўзимизникиларга дарс ҳам ўтганмиз. Ҳозир эслаб, устозларим фидойи, сабр-тоқатли бўлганини тушуниб етяпман. Агар бирор мавзуга тушунмай қолсак, устозим дарсдан сўнг қолиб, соатлаб тушунтирар, вақтини қизғанмас, ҳеч қаёққа шошмасди. Уларнинг асаблари ҳам темирдек мустаҳкам бўлганмикин, деб ўйлайман.

Москвада ўқиб юрган пайтларим таътил вақтларида улардан хабар олиб турардим. Охирги марта ўтган йили мактабимни зиёрат қилдим. Шундан кейин яна кўплаб устозлардан таълим-тарбия олдим. Илм-фан дарғалари, академиклар, профессорлар, уларнинг сабоқлари бир умр хотирамга муҳрланган. Улар олдида ўзимни қарздор ҳисоблайман ва барча устозларимга таъзим қиламан!

***

Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори Жасур Ризаев: “Менда иккита ОТМга кириш имтиёзи бўлса-да, тиббиёт соҳасини танладим”

 

Мен 1981 йил Тошкент шаҳридаги 92-сонли ҳинд тилига ихтисослаштирилган мактабга 1-синфга борганман. Биринчи ўқитувчим Соҳиба опа эди. Мактабда 4-синфгача аъло баҳоларга ўқидим. Шу сабабли ҳар йили мактабда мақтов ёрлиғи олардим, улар ҳалигача жавонимда турибди.

5-синфдан Тошкент шаҳрида янги очилган 254-мактаб гимназияда таҳсил олдим. Мактаб гимназия директори Йўлчи Абдуллаев она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси эди. Шу сабабли мени ушбу фандан олимпиадага тайёрлади. Мен 10-11-синфларда Қўқон ва Самарқандда бўлиб ўтган республика фан олимпиадасида она тили ва адабиёт фанидан қатнашиб, фахрли 2-ўринларни олганман. 1991 йил мактаб гимназияни олтин медаль билан битирдим.

Мактабни битиргач, олимпиадада олган дипломларим сабаб менда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Милллий университети) ва Тошкент давлат педагогика институтининг филология факультетига кириш имтиёзи бор эди. Лекин мен тиббиёт соҳасини танладим ва 1991 йили Тошкент давлат тиббиёт институтига ўқишга кириб, муваффақиятли якунладим.  

Ҳаётда ўз ўрнимни топишимга ва эришган муваффақиятларимда устозларимнинг ҳиссаси катта. Барча устозларимдан миннатдорман, уларнинг олдида таъзим қиламан. Йўлчи Абдуллаев устозим оламдан ўтган бўлсалар-да, ҳалигача оиласи, фарзандлари билан борди-келди қиламан.

Мактаб гимназияда менга таълим берган математика ўқитувчиси Азиза опа, она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Дилфуза опа ва синф раҳбарим Алла Петровнадан бир умр миннатдорман. Оламдан ўтганларининг ҳақларига доим дуо қиламан. 

***

Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали директори Шавкат Ҳасанов: “Менинг биринчи синф ўқитувчиларим кўп бўлган”

Бундан роппа-роса 40 йил муқаддам, 1981 йилда Булунғур туманидаги 38-ўрта мактабнинг 1-синфига ўқишга бордим. Мен илк ўқиш ва ёзишни муаллима Турсунтош Сатторовадан олган бўлсам, дарсдан кейинги уйга вазифаларимга Исрофил Алманов (гуруҳ раҳбари) устозлик қиларди. Бошқа синфдошларимдан фарқли равишда бир йиллик тайёрлов синфига қатнамаганим боис, бошида дарсларни ўзлаштиришда жуда қийналганман. Муаллимамиз раҳматли ота-онамга ёзувим хунуклигидан шикоят қиларди, аммо қанча уринмай 1-синфни ўрта баҳолар билан тугатдим. Муаллимамиз соғлиги ёмонлашгани боис ишдан танаффус қилганидан сўнг, бизни 4-синфгача Эшонқул ака Бобобеков, Райҳоной опа Бегимова ва Ирисой опа Исмоиловалар ўқитди.

4-синфдан дарсларни фан ўқитувчилари ўтиши менга жуда маъқул келди, шу боис ҳамма фанларни “аъло” баҳога ўзлаштириб, мактабни 1991 йилда олтин медаль билан тугатдим.

Мен ўқиган даврда 38-ўрта мактаб тумандаги энг илғор, тартибли, намунали мактаблардан бири эди. Мактабни раҳматли Суюн ҳожи Ҳожимов бошқарарди. У киши талабчан раҳбар бўлганлиги учун мактабда метин интизом ҳукм сурарди. Бизга ўз фани бўйича етук саналган ўқитувчилар сабоқ беришган. Шу боис, синфимиз битирувчиларидан 1 нафар фан доктори, 1 нафар фан номзоди, 3 нафар тадбиркор ва бошқа касб эгалари етишиб чиққан. 

Мактабда мен яхши кўрган математика фанидан Тўйчи Ғаффоров ва Алиқул Аъзамов, ўзбек тилида равон ва маъноли ёзишимда, адабиётни ўзлаштиришимда Бойзоқ Элмуродов ва Умурзоқ Содиқовларнинг алоҳида ҳиссаси бор. Умуман, менга дарс берган барча устозлардан миннатдорман! Ўтганларининг охиратлари обод, борларининг умрлари узоқ бўлсин!