Олтинсойда фуқаролар ИИБ ходимларига қаршилик қўрсатишган

Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълумот беришича, жорий йилнинг 14 февралида вилоятнинг Олтинсой туманининг Ҳалқобод маҳалласи ҳудудида жойлашган фермер хўжалигига тегишли бўлган ер майдонига маҳаллий фуқаролар томонидан ноқонуний уй-жой қуриб олинганлиги ҳолатига аниқлик киритиш ҳамда ушбу ерларни фермер хўжалигига қайтариш мақсадида туман ҳокимиятининг қурилиш масалалари бўйича вакили, туман прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи, Сурхондарё вилояти ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Олтинсой филиали масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан туман ҳокимининг 2019 йил 6 декабрдаги фармойиши ижросини таъминлаш учун манзилга чиқишган. Улар фуқаролар билан тушунтириш ишларини олиб бораётган вақтида айрим фуқаролар қўлларига турли буюмлар (таёқ, болта, тош, белкурак ва бошқа) билан ишчи гуруҳ вакилларига тажовуз қилганликлари оқибатида ўртада жанжал келиб чиққан.

Чақирувга асосан жамоат тартибини сақлаш учун 16.00 ларда воқеа жойига етиб борган туман ИИБ ходимлари маҳаллий аҳолига жамоат тартибини бузишни тўхтатиб, уйларига тарқашни талаб қилишган. Маҳаллий фуқаролардан И.Муҳаммадиев, Д.Муҳаммадиев, Ф.Нуров, А.Тошов, С.Муҳаммадиев ва А.Сафаровлар ички ишлар органлари ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, қўлларидаги буюмлар билан тажовуз қилганлар.

Кўрилган чоралар натижасида жамоат тартибини бузаётган фуқаролар зарарсизлантирилиб, жамоат тартиби барқарорлаштирилган.

Ҳуқуқбузарларнинг тажовузлари оқибатида ИИБ ходими, сафдор Ш.Мустофоқуловга “бош миянинг ёпиқ шикастланиши, бош мия чайқалиши, бошнинг пешона ўнг қош усти, ўнг ён томони эзилган, йиртилган жароҳатлари, ўнг кўз қавоғи юмшоқ тўқималарнинг эзилиши ва гематомаси, бурнининг ўнг томони юз соҳасидаги йиртилган жароҳат”, шунингдек, профилактика инспектори ёрдамчиси А.Жабборовга “чап елка ўмров акрамиял бўғими соҳаси юмшоқ тўқималарининг эзилиши” каби тан жароҳатлари етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олтинсой тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.