Олтойда одамхўр бўлганми?
Рост, бу ҳақда тарихда кам бўлса-да, далиллар бор.
Масалан, 1959 йил қишда тайгалик икки овчи - Сариглар ва Адар итлари билан мўйнали ҳайвонларни овлаш учун тоғли Олтойнинг инсон қадами етмас жойларига овга чиқади. Муваффақиятли овдан сўнг дўстлар кечки пайтда овчилар кулбасига қайтаётганида Адар ов қилган жойда болтасини унутиб қолдирганини эслаб қолади. У ўзининг паришонхотирлигидан нолиб, орқага қайтади. Орадан ўн беш дақиқалар вақт ўтгач, итининг қаттиқ ҳургани эшитилади.
Вақт ўтиб борарди, лекин Адардан дарак йўқ. Сариглар фонари билан йўлини ёритиб, унинг орқасидан жўнайди. Ялангликда тўхтаган жойга келганида фонарь ёруғида бир шарпага кўзи тушади - у эгилиб нимадир қилар эди.
Сариглар баланд овозда шеригини чақиради. Унга жавобан шарпанинг ириллаган товуши эшитилади ва унга қараб улкан гавда кўтарилади. «Шарпа»нинг бўйи икки метрдан зиёд бўлиб, танаси жун билан қопланган одамсимон мавжудот эди. Махлуқ қонли жағини очиб, овчига ғазаб билан қарайди. Сариглар шошиб, чекинишга уринганида фонарь ёруғида махлуқнинг қўлидан Адарнинг узилган боши қорга отилиб кетади. Қўрқиб кетган Сариглар овчилар кулбасига қараб қочади.
Ўзига келгач, яқин орадаги қишлоққа жўнайди. Суриштириб, коҳиннинг уйига келади. Сариглар бўлган воқеани коҳинга дағ-дағ титраб, сўзлаб беради. Суҳбатдоши унга ўн-ўн беш йилдан буён одамларга таҳдид солаётган одамхўр махлуқ ҳақида сўзлаб беради.
Одамхўр махлуқ яқин атрофдаги қишлоқлар чеккасидан одамларни ўғирлаб кетар экан. Фақт шу қишлоқнинг ўзидан Тайгага ўғирлаб кетилган 10 киши қайтиб келмабди. Асосан баҳорда хотин-қизлар йўқолар экан. Одамхўрга қўйилган тузоқлар, пистирмалар беҳуда кетибди.
Сариглар дўстининг даҳшатли ўлими учун ўч олиш ва туман аҳолисини одамхўрдан халос қилишга бел боғлайди. Бу жуда хатарли эди. Саригларга ёрдам бериш учун саккиз нафар овчи рози бўлади. Ғайритабиий куч ва қобилиятга эга махлуқ уларнинг ҳаммасини ўлдиради. Фақат Сариглар мўъжиза туфайли омон қолади.
Қуролини йўқотиб махлуқ таъқибидан қочган Сариглар бир амаллаб овчилар кулбасига яширинишга муваффақ бўлади. Одамхўр етиб келиб, тамбаланган эшикни бузиб, кулбага киради. Кулбада унга қарши ишлатиш учун бирорта қурол йўқ эди. Саригларнинг кўзи овчилар терини ошлашда фойдаланадиган шишадаги сульфат кислотага тушади. Уни махлуқ башарасига сепиб юборади. Юз-кўзларини кислота куйдирган махлуқ ўкириб чекинади ва дарахтлар орасига ғойиб бўлади…
Овчи яна бир йилдан сўнг ўша қишлоққа боради. Одамлар унга Тайгада энди ҳеч ким йўқолмаётганини айтади. Ярим йиллар ўтгач, кимдир тубсиз жар тагида бошдан оёқ жун билан қопланган улкан махлуқнинг ўлигини кўрганини айтади. Бу даҳшатли ҳодиса шундай якун топади.
Улкан одамхўрни қайси турга мансублиги эса ҳалигача жумбоқлигича қолмоқда.
Т.Шомуродов тайёрлади.