"Омикрон" 89 та давлатда тарқалди: Лондонда фавқулодда ҳолат, Нидерландияда локдаун эълон қилинди
Дунёда эпидемиологик вазият кун сайин мураккаблашяпти. “Омикрон” шиддат билан янги-янги мамлакатларни “забт” этмоқда. Касаллик аллақачон кириб борган қатор давлатлар эса пандемиянинг навбатдаги тўлқинига тўқнаш келган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги баёнотига кўра, янги штамм аниқланган мамлакатлар сони 89 тага етган. Хусусан, “омикрон” Миср, Эрон, Қатар ва Украинада ҳам илк бор қайд этилди.
Буюк Британия ва Жанубий Африка Республикасида аҳвол янада ачинарли. ЖССТ ушбу давлатлар шифохоналарида ўрин-жойлар етишмай қолишидан жиддий хавотирда.
Масалан, Буюк Британияда ўтган ҳафтада коронавирус билан кунлик касалланиш ҳолатлари рекорд кўрсаткич — қарийб 93 мингтага етиб, янги вариант доминант позицияни эгаллаган. Шу сабабли Лондон шаҳри мэри Содиқ Хон ҳудудда фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Нидерландия эса Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида биринчи бўлиб “омикрон”нинг кенг тарқалишига қарши локдаун тартибини жорий этишга мажбур бўлди. Ушбу чекловлар 19 декабрдан келгуси йилнинг 14 январигача амал қилади.
Бу даврда ноозиқ-овқат дўконлари, бар, ресторан, сартарошхона, музей, кинотеатр ва спорт заллари ишламайди. Мактаблар камида 9 январгача ёпилади.
Шунингдек, маҳаллий аҳоли уйига икки кишидан ортиқ меҳмон чақира олмайди. Жамоат жойларида икки кишидан ортиқ одам тўпланиши ҳам тақиқланади.
Нидерландия ҳукуматининг бундай кескин карантин чекловлари жорий этиши бежиз эмас, албатта. Мамлакатда “омикрон”нинг илк ҳолати бундан уч ҳафта олдин аниқланган. Аммо, тиббий прогнозларга кўра, Янги йил ва Рождество байрамларигача ҳудудда янги штамм COVID-19нинг доминант вариантига айланади.
Австрия ҳукумати эса 20 декабрдан бошлаб мамлакатга фақат эмланган ва касалликдан бутунлай соғайганларга кириш учун рухсат беришга қарор қилди. Ўшанда ҳам топширилган ПЗР тест натижалари “манфий” бўлиши керак.