Омонат фоизлари карантин шароитида ҳам тўлаб берилади
Мижоз банкдаги омонатига ҳисобланган фоиз маблағи ёки омонат маблағини карантин пайтида ҳам олиши мумкинми?
Р.ҲАЙИТОВ,
Самарқанд шаҳри.
– Бу борада чеклов мавжуд эмас. Мижоз банкка келиб омонат бўйича тўловларини ўзи учун қулай шаклда (нақд, нақдсиз) олиши мумкин.
Шу билан бирга жорий йилнинг 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг мижозларга масофавий тизимлар орқали хизмат кўрсатиш борасидаги кўрсатмасига мувофиқ, тижорат банклари томонидан бу борада янги хизмат шакл ва усуллари амалиётга жорий этилаётганлигини маълум қиламиз. “Азия альянсбанк”, “Алоқабанк”, “Инвест финанс банк”, “Капиталбанк” омонат ва фоиз маблағларини мижозларнинг ушбу банкларда очилган карталарига ўтказиб бермоқда.
“Қишлоқ қурилиш банк” эса бугундан омонат ва фоиз маблағларини тўлашнинг қуйидаги усулини жорий этди:
- мижоз банкга бормасдан ариза ёзади, аризада ўз пластик карточкаси реквизитини кўрсатади;
- ариза ва омонат дафтарчаси расмини телеграм орқали банкнинг омонат бўлими рақамига юборади;
- банк ходими мижознинг маблағини аризада келтирилган реквизит бўйича юборади.
Бу борадаги хизмат усулларини жорий этиш бўйича барча банкларда амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ҳурматли мижоз! Омонат шартномангизда келтирилган телефон рақами орқали Сизга хизмат кўрсатувчи банкка боғланинг ва молия муассасасига бормаган ҳолда омонат маблағингизни ўз картангизга ўтказиш бўйича мурожаат қилинг.
Саволга Марказий банкнинг Самарқанд вилояти бош бошқармаси нақд пул муомаласини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Ф.Аҳмедов жавоб берди.