Оппоқ қор тилаклари

Ёшлигим жуда кўп воқеалар гувоҳидир. Ўша кезларда хўп ва кўп қор ёғарди. Ҳатто, том устидаги қорларни курай олмай қолардик.

Кунларнинг бирида қалин қорнинг эриши туфайли жилғаларда сув кўпайиб, сойлар ўзанидан тошиб, одамларни оқизиб кетганлигини эшитдик. Бу воқеалар 1969 йилнинг қиш фаслига тўғри келади. Қишлоғимиз Оқтов ён бағирларида жойлашганлиги учун қор кўп ёқарди. Қор мўл ёққанда, бепоён далалар оппоқ кўрпага бурканиб қоларди. Қир-адирларда ўсган бодомчалар ёнида какликлар сайраши эшитиларди. Ўша қорларнинг устида ботиб қолган какликларни қувиб, ушлаб олардик. Кўпроқ ёмғир аралаш қор ёғарди.

Жизмон қишлоғим ана шундай беғуборликни тараннум этувчи жойлардан бири ҳисобланади. Бу жойда ёққан қор эртаси кунигача музга айланарди. Музли қор устида сумкаларимиз билан тойғинчоқ ўйнардик. Баланд-баланд қирлар устидан таёққа ўтириб, пастга қараб тоярдик. Қордан катта-катта қорбоболар ясардик. Улар ҳафталаб эримай тураверарди, мактабимиз пастликда жойлашганлиги учун сумкалар устига ўтириб тойиб борардик.

Беғубор ёшлигимда бўлган, кўрган нарсалар не-не ўйларга ботирмайди дейсиз? Бу ўта беғуборлик, самимийлик, кўнгил поклиги инсонда янада буюкроқ ишлар қилишга ундаётганга ўхшайди. Кеча ёққан қор ҳам кўнглимга ёшликдаги дамларни эсга солди. Қишда бўладиган кўпкари тўйлар ёдимга тушди. Атрофнинг беғуборлигини кўриб, қалбимда ажиб туйғулар, ниятлар пайдо бўлди.

Оппоқ қор, бу оқликда жуда кўп маънолар бор. Янги йилда майин-майин ёққан қор инсонларга меҳр-оқибат улашсин, уларнинг кўнглини момиқ қордай юмшатсин. Қор элимизга тўкин-сочинлик олиб келсин.

Зайниддин НОРМАН,

Тошкент вилояти.