Оқ уйни портлатиб юбормоқчи бўлган америкаликка 15 йил қамоқ жазоси хавф солмоқда

Американинг Жоржия штатида яшовчи Хашер Жаллал Тахеб 2 апрель куни унга нисбатан эълон қилинган қурол ва портловчи модда ёрдамида Оқ уйга ҳужум қилишга уруниш айбини тан олди. Унга 15 йилгача бўлган қамоқ жазоси хавф солмоқда. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги нашр этган пресс-релизда хабар қилинган.

“Бугун Жоржия штатининг Камминг шаҳрида истиқомат қилувчи, 23 ёшли Хашер Жаллал Тахеб унга нисбатан эълон қилинган, “ёнғин ёки портловчи модда ёрдамида АҚШга тегишли бўлган ёки ижарага берилган бинони йўқ қилишга уриниш” айбловини тан олди. Тахеб қурол ва портловчи моддадан фойдаланиб, Оқ уйга ҳужум уюштиришни режалаштирган”, хабар қилинган пресс-релизда.

Миллий хавфсизлик масалалари бўйича АҚШ Бош прокурори Жон Демерснинг сўзларига кўра, Тахеб Оқ уйга террорчилик ҳужумини режалаштирган. Бунга сабаб қилиб у ўзининг “жиҳод”даги иштирокини айтган. Шунингдек, тергов давомида мазкур шахс Оқ уй билан бир қаторда озодлик ҳайкалига, Вашингтон монументига, Линколь мемориалига ва синагогга ҳужум уюштиришни режалаштирганлиги аниқланган.

Тахебга нисбатан олиб борилган тергов ҳаракатлари бир йилдан ошиқ давом этган. У 2019 йилнинг январ ойида ФҚБ (FBI) ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Унинг жиноий иши бўйича суд 23 июнь 2020 йилда бошланиши кутилмоқда.