Оқдарёда иқтисодиётни кўтариш, ишсизликни камайтириб, аҳоли даромадининг ошириш учун қандай лойиҳалар қилиняпти?
Қурилиш соҳаси бандлик, иш ҳажми ва солиқ тушумлари жиҳатидан иқтисодиёт секторида сезиларли ўрин тутади. Шу боис, тармоқ ривожи ҳудуд тараққиётида аҳамиятли соҳалардан бири.
- Туманимизда 179 та қурилиш корхонаси рўйхатдан ўтган ва фаолият юритмоқда, - дейди Оқдарё тумани ҳокимининг ўринбосари Умид Исломов. – 35 та корхона ишлаб чиқариш ҳажми (107 миллиард сўмдан ортиқ)ни камайтирган. 119 та корхона «0» ҳажм кўрсатган, 54 та корхона ишчилар сонини икки нафар ва ундан кам кўрсатган, 114 та корхона солиқ тўламаган. Бу корхоналар ҳисоботларни кам кўрсатгани ҳисобига балл кам бўлади ва «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида тендерга киролмайди. Туманда қурилиш соҳасида 2022 йилда 105 фоиз ўсиш кузатилган бўлса, ушбу корхоналар ишини тўғри ташкил этиш ҳисобига йил якуни билан ўсишни 110,5 фоизга етказишни режалаштирганмиз.
Президентимизнинг 2021 йил 3 мартдаги қарорига асосан қишлоқ хўжалик корхоналарига давлат бюджетидан ўз хўжалигида етиштирган ва сотган маҳсулотлари учун субсидия берилиши белгиланган. Яъни, 1 килограмм парранда гўшти учун 1000 сўм, 1 килограмм мол гўшти учун 2000 сўм, 1 литр сут учун 200 сўм, 1 килограмм «Ласос», «Форел» ва «Остёр» балиқлари учун 3000 сўм ва бошқа турдаги балиқларга 1 килограмм учун 1000 сўмдан субсидия ажратилади.
Субсидия олувчи ва унинг контрагенти қўшимча қиймат солиғи тўловчиси бўлиши, ҚҚСдан қарздорлиги бўлмаслиги, мол гўштини кушхонада сўйган бўлиши керак. Корхона субсидия олиш учун "my.vetgov.uz" сайти орқали «Чорванасл» маркази туман вакилига электрон ариза юборади ва ушбу ариза 5 иш кунида туман комиссияси томонидан кўриб чиқилиши шарт. Комиссия талабгорнинг маълумотлари ҳаққонийлигини жойида ўрганиб, "my.vetgov.uz" сайти орқали ижобий хулосани «Ўзбекчорванасл» агентлигига тақдим этади, ишончсиз ва нотўғри маълумот аниқланса, рад этади.
2021-2022 йилларда тумандаги 17 та корхона томонидан комиссияларга жами 91 та ариза юборилган. Аризаларнинг 59 таси кечиктириб кўрилган, 3 таси рад этилган, 1 тасига умуман хулоса берилмаган.
Мисол учун, «Барака файз парранда» МЧЖнинг 2022 йилда 30,5 миллион дона тухум учун субсидия ажратиш ҳақидаги аризаси бугунгача кўриб чиқилмаган. «Зарафшон ломанд-парранда» МЧЖнинг 2022 йил 5 ноябрдаги 21,3 миллион дона тухум учун субсидия ажратиш ҳақидаги аризаси комиссия томонидан 2023 йил 13 январда кўриб чиқилган.
Умуман, 2021-2022 йилларда тумандаги 15 та корхонага «Ўзбекчорванасл» агентлиги томонидан 21,3 миллиард сўмлик субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса берилган. Шундан 14,1 миллиард сўми тўланиб, 7,2 миллиард сўми тўланмаган.
Мисол учун, «Зарафшон Ломанд парранда» МЧЖга сотилган тухум учун 2,3 миллиард сўм, «Престиж дон» МЧЖга парранда гўшти ва тухум учун 2,1 миллиард сўм субсидия тўланмасдан турибди.
Вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи ўрганишлари натижасида аниқланган шу ва шу каби камчиликларга йўл қўйгани учун туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ш.Абдуллаев лавозимидан озод этилди.
Туманда ўтган йили 38178,8 тонна қишлоқ хўжалик маҳсулоти етиштирилган. Жорий йилда эса тупроқ унумдорлигини ошириш ҳамда 76 фермер хўжалиги тасарруфидаги 1150 гектар пахта майдонида сув тежовчи технологияни жорий қилиш ҳисобига ҳосилдорликни 40469,5 тоннага, 2022 йилга нисбатан 106 фоизга ошириш режалаштирилган.
Ўтган йили туманда 1048,5 тонна гўшт, 21384,3 тонна сут, 1267,1 минг дона тухум, 670,5 тонна балиқ тайёрланган. Жорий йилда эса 15 та лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига кўрсаткичлар ўтган йилга нисбатан 13,5 фоизга оширилади.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун жорий йилда 2,4 миллиард сўмлик 7 та иссиқхоначилик, 4,6 миллиард сўмлик 4 та балиқчилик, 2,8 миллиард сўмлик 2 та қуёнчилик ҳамда 6,5 миллиард сўмлик 5 та паррандачилик лойиҳаси ишга туширилиши ҳисобига 100 га яқин янги иш ўрни яратилади.
- Қишлоқ хўжалигини янада даромадли тармоққа айлантириш учун жорий йилда соҳада ишлаб чиқариш ҳажми 2 триллион 687 миллиард сўмга етказилади, - дейди туман ҳокимлиги бош мутахассиси Баҳодир Суяров. - Қиймати 74 миллиард 839 миллион сўмлик 40 та лойиҳа амалга оширилади. Пахта ва ғалладан қисқартириладиган 316 гектар майдон очиқ танлов орқали 1053 нафар аҳолига ажратилади. 31 та маҳалла «Бир маҳалла бир маҳсулот» тамойили асосида ихтисослаштирилади ҳамда 11 та маҳаллада 11 дона тик артезиан қудуқлари қазилиб, 350 дан ортиқ хонадоннинг 40 гектар томорқа майдони сув билан таъминланади. 62 гектар майдон интенсив сабзавотчиликка ихтисослаштирилади ва ҳосилдорлик 2 баробарга оширилади. Тумандаги 294 гектар эски, самарасиз боғ янгиланади. Янги лойиҳаларни ишга тушириш орқали қишлоқ хўжалигида 21,2 мингта, ишга туширилган лойиҳалар ва корхоналарда ишчи ходимларни кўпайтириш ҳисобига 30,1 мингта янги иш ўрни яратилади.
Кўзланган мақсад ва тузилган режаларнинг амалга оширилиши туман иқтисодиётини кўтариши, ишсизликни камайтириб, аҳоли даромадининг ортишига хизмат қилади.
Ўктам Худойбeрдиев.