Оқдарёда истеъмолга яроқсиз 1,5 минг донадан зиёд спиртли ичимлик йўқ қилинди

Мажбурий ижро бюросининг Оқдарё туман бўлими иш юритувига жиноят ишлари бўйича туман судининг ижро варақасига асосан жавобгар Ф.М.га оид жиноят иши бўйича далилий ашё сифатида олинган қалбаки равишда ясалган 0,7 литр ҳажмли 1524 дона ароқ маҳсулотларини йўқ қилиш билан боғлиқ иш келиб тушган.

Шунга кўра, истеъмолга яроқсиз 1524 дона ароқ маҳсулотлари ва унга боғлиқ бошқа 12 турдаги махсулотлар тегишли тартибда йўқ қилинган ва бу ҳақда тегишли далолатнома расмийлаштирилган.

"Мазкур ижро ҳужжати “Мароқанд Обод” ДУК марказий чиқиндихонаси ҳудудида МИБнинг вилоят бошқармаси ва Оқдарё тумани бўлими ходимлари ҳамда тегишли идора вакиллари, холислар иштирокида ижро ҳужжатида кўрсатилган далилий ашё сифатида олинган мол-мулклар синдириш ва қўмиб ташлаш йўли билан йўқ қилинди. Мазкур ижро ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонунининг 41-моддасига асосан тамомланди", - дейилади МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабарида.