Жамоат жойида ароқ ичган 857 киши 91 миллион сўм жарима тўлади
Жорий йилнинг 20 июнь кунидан буён Самарқанд вилоятида “Ичкиликбозликка қарши курашиш ойлиги” ўтказиб келиняпти.
Ойлик давомида вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ходимлари давлат солиқ идоралари билан ҳамкорликда алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи шахсларни аниқлаш ва уларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйиш мақсадида махсус рейдлар ўтказди.
Рейд давомида 20 та алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланиш ҳолатлари аниқланиб, ҳуқуқбузарлардан 247,7 литр спиртли ичимликлар мусодара қилинди ва уларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.
Шунингдек, Самарқанд шаҳрида этил спирти, алкоголли маҳсулотларни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш билан боғлиқ 2 та ҳолат аниқланди. Ушбу ишлар судда кўрилиб, ҳуқуқбузарлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан жаримага тортилди.
Бундан ташқари, ўтказилган тадбирлар давомида жамоат жойида спиртли ичимликлар истеъмол қилиб юрган 857 нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 187-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Ушбу ҳуқуқбузарларга нисбатан 91 606 999 сўм миқдорида жарималар қўлланилди.
Соғлиқни сақлаш ҳисобида турган 236 нафар шахс тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда мажбурий тартибда даволанишга юборилди.