Сенатда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилинишини чеклаш бўйича қонун рад этилди: ҳужжат камчиликлар тўлдирилгач, келгуси мажлисда кўриб чиқилади
Сенатнинг йигирма еттинчи ялпи мажлисида “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Мазкур қонун “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги, “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида”ги ва бошқа қонунлардаги нормаларни ўз ичида мужассамлаштиради. Шу сабабли уларни ўз кучини йўқотган деб топиш назарда тутилади.
Бироқ ялпи мажлисда Сенат аъзолари қонуннинг асосий тушунчаларига аниқлик киритиш зарурлиги, коллизион нормалар мавжудлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти чуқур ўрганиб чиқилмаганлиги боис қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Рад этиш учун асосий сабаблар сифатида қатор масалалар келтириб ўтилган.
Мажлисда қонуннинг аҳамияти ҳамда бугунги кундаги долзарблигини инобатга олиб, Қонунчилик палатаси томонидан кўрсатилган камчиликлар кўриб чиқилгач, Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига қайта киритилиши билдирилди.