Ўқишни кўчириш бўйича ишлар чўзилгани кимдандир таъмагирлик қилиш мақсадида атайлаб қилинаётган жараён эмас
Шу кунларда Самарқанд давлат университетида ҳам қўшни давлатлар олий таълим муассасаларидан ўқишини кўчираётган фуқароларнинг ҳужжатларини текшириш ва талабалар сафига қабул қилиш ишлари давом этмоқда. Бугунги кунгача 2939 нафар фуқаронинг ўқишини университетга кўчиришга тавсия этилган. Уларнинг ҳақиқатда хорижий олий таълим муассасасида ўқиганлигини аниқлаш мақсадида университет томонидан қўшни давлатларнинг 40 дан зиёд олий таълим муассасаларига сўров хатлари юборилди. Шундай сўровномаларга олинган жавоблар натижасига кўра, бугунгача 262 нафар ёшларни талабалар сафига қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқди.
Шу ўринда савол туғилади. Ўқишини кўчираётган фуқаронинг юртимиздаги олий таълим муассасаси талабалари сафига қабул қилиш шартлари нималардан иборат? Агар фуқаро қўшни давлатдаги олий таълим муассасасидан республикамиздаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчираётган бўлса, камида бир семестр мобайнида ўша давлатнинг муайян олий таълим муассасасида узлуксиз ҳолда таҳсил олган бўлиши, шунингдек, кўчирилаётган таълим йўналишига мазмунан мос (турдош) таълим йўналишида тўлиқ ўқиганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлиши керак.
Бундан ташқари, қўшни давлатларнинг аккредитацияга эга бўлмаган олий таълим муассасаларида ёки уларнинг филиалларида ўқиганларнинг ўқишини кўчиришга рухсат этилмайди. Яна шунга қўшимча равишда юқори идораларнинг кўрсатмасига биноан, қўшни давлат олий таълим муассасасига юборилган сўровнома натижасига кўра, у ерда ўқимаганлиги ёки қалбаки ҳужжатлар топширганлиги аниқланган фуқароларга рад жавоби берилади.
Университет хориждан ўқишини кўчираётганлар фуқароларни талабалар сафига қабул қилиш ишларида бошқа олий таълим муассасаларидан андаза кўчирмайди. Амалдаги тартиб-қоидага кўра, қўшни давлатлар олий таълим муассасасига юборилган сўровномага олинган жавоб хатлари ҳамда тегишли идораларнинг ўқишини кўчираётган фуқаронинг ўша давлатга қанча муддатга бориб келганлигини тасдиқловчи маълумотларига таяниб иш тутади.
Шуни таъкидлаш керакки, Самарқанд давлат университетида ўқишни кўчириш бўйича ишларнинг чўзилганлиги кимдандир таъмагирлик қилиш мақсадида атайлаб қилинаётган жараён эмас. Ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш муайян вақтни талаб қилади. Айрим хорижий олий таълим муассасаларига уч марталаб хатлар юборилган. Баъзиларидан хат келмаётганлигининг сабаби аслида фуқаронинг ўша университетда ўқимаганлиги билан изоҳланмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, баъзи талабгорлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар сохта бўлиб чиқяпти. Яъни, “қўшни давлатда ўқиб қайтдим”, деб ҳужжат топширган баъзи фуқароларнинг кўрсатилган олий таълим муассасасида умуман ўқимаганлиги маълум бўлмоқда. Бундан ташқари, паспортида ўзи ўқиган давлатга чегара постидан ўтганлиги ва мамлакатимизга қайтиб келганлиги тўғрисида муҳр урилмаган шахслар ҳам аниқланмоқда.
Шу сабабли, қўшни мамлакатларда таълим олаётганини иддао қилаётганлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар синчковлик билан кўздан кечирилмоқда. Ҳужжатларида камчилик аниқланмаган фуқаролар талабалар сафига ҳеч қандай истисносиз қабул қилинади.
Университетга шу масалада мурожаат қилган фуқаролар ёки уларнинг ота-оналарига мазкур тартиб-қоидалар батафсил тушунтирилмоқда. Шу маънода биз қўшни давлат олий таълим муассасаларини айблашдан бутунлай йироқмиз. Аммо юборилган сўровномаларга жавоб келиши кечикаётгани ҳам бор гап. Шуни ишонтириб айтамизки, ўқишида, ҳужжатларида муаммоси бўлмаган фуқароларнинг барчаси университет талабалари сафига сўзсиз қабул қилинади.
Шу ўринда қўшни давлатлар олий таълим муассасаларига ўқишга бориш истагидаги ёшларимизни, уларнинг ота-оналарини огоҳлантириб қўймоқчимиз. Ҳозирда узоқ хориждаги ёки қўшни давлатлардаги “биз нодавлат олий таълим муассасасимиз”, деб ўзининг олий таълим бўйича дастурларини тақдим этаётган ташкилотлар кўпайиб кетди. Осонгина олий маълумотли бўлишни жозибадор реклама усуллари орқали таклиф этаётган ёки шу масалада бир зумда ҳожатингизни чиқаришга, келгуси йилда фарзандингизнинг ўқишини Ўзбекистонга кўчиришга ёрдам бера олишини ваъда қилаётган шахсларнинг таклифларига алданиб қолманг!
Самарқанд давлат университети маъмурияти.