«Ўқитувчи мақоми тўғрисида»ги Қонун лойиҳасидан
Қонуннинг 12-моддасига кўра, ўқитувчиларнинг дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш ҳамда синф ёки гуруҳ журналини юритишдан ташқари бошқа педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Ўқитувчиларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланади.
Ўқитувчиларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш қонун билан ман этилади.
13-модда - Меҳнатга ҳақ тўлаш. Ўқитувчининг меҳнатига ҳақ тўлаш меҳнат шартномасида (контрактда) назарда тутилган функционал мажбуриятларни бажарганлиги учун тўланади. Ходимнинг қўшимча шартнома асосида бошқа ишлар ва мажбуриятларини бажарганлиги учун, амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномага мувофиқ алоҳида ҳақ тўланади.
14-моддага (Ижтимоий муҳофаза) кўра, давлат ўқитувчиларга қулай меҳнат ва яшаш шароитларини яратиб беради, уларни ижтимоий имтиёзлар билан таъминлайди.
Таълим муассасалари иш ҳақига мўлжалланган мавжуд маблағлар доирасида мустақил равишда ставкалар, мансаб окладларига табақалаштирилган устама белгилашга ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш ва уни рағбатлантиришнинг турли шаклларини қўллашга ҳақли.
Қишлоқ жойларида таълим муассасаларида фаолиятни амалга ошираётган ўқитувчилар умумий белгиланган ёш беш йилга камайтирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга.
25 йил ва ундан ортиқ меҳнат стажига эга бўлган ўқитувчилар муддатидан олдин ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга.