Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган акция доирасида харид қилинган илк автомобиллар ўз эгаларига топширилди
Жорий йилнинг 15 октябрь куни халқ таълими тизимида фаолият юритаётган бир гуруҳ педагогларга Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ташкил этилган акция доирасида харид қилинган автомобилларнинг калитлари топширилди.
Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида “UzAuto Motors” компанияси имтиёзли шартлар асосида автомобиль сотиб олиш имкониятини берувчи акция эълон қилган эди. Барча моделдаги автомобиллар учун эълон қилинган махсус байрамона акция доирасида 10323 нафар ўқитувчи автомобиль олиш учун шартнома имзолади. Уларнинг 6325 нафари Халқ таълими вазирлиги тизимида фаолият юритади.
Бир гуруҳ ўқитувчилар 15 октябрь куни харид қилган автомобилларини қабул қилди. Қолган ўқитувчилар автомобилларини босқичма-босқич олади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари Темуржон Комилов ўқитувчилар номидан ”Ўзавтосаноат” ва “UzAuto Motors” компаниялари раҳбариятига ташкил этилган акция учун миннатдорчилик билдирди.
Тадбир доирасида “Ўзавтосаноат” ҳамда “UzAuto Motors” компанияларига вазирликнинг “Таълим ҳомийси” кўкрак нишонлари топширилди.