Ўқитувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби ўзгаради(ми?)
Халқ таълими вазирлиги томонидан “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси regulation.gov.uz сайтига муҳокамага қўйилди.
Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 апрелдаги 107-сон қарори билан тасдиқланган ”Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомга ўзгартиришлар киритишни кўзда тутади, дея хабар қилади uzedu.uz сайти.
Қарор лойиҳасига кўра, биринчи ва олий малака тоифали, етакчи ва бош ўқитувчи лавозимидаги ҳамда мазкур малака тоифалари ва лавозимларга талабгор педагог кадрларни аттестациядан ўтказганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида йиғим ундирилиши ҳақидаги банд сақланиб қолинди. Мазкур йиғим Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳисобига йўналтирилади.
Шунингдек, иккинчи малака тоифали ҳамда ушбу малака тоифасига талабгор педагог кадрларни аттестациядан ўтказганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилиши ҳақида қўшимча киритилмоқда.
Иккинчи малака тоифали ҳамда мазкур малака тоифасига даъвогар педагог кадрлар учун тест материаллари мазмунини шакллантириш, аттестация жараёнларини ташкил этиш Халқ таълими вазирлигига юклатилган.
Ўрнатилаётган йиғим Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармасига йўналтирилади. Шу билан бирга, аттестация учун зарур бўладиган назорат-синов материалларини шакллантириш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш ҳамда ушбу жараёнга замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ва жалб этилган мутахассислар меҳнати учун сарфланади.