Остонада қиш: газ тармоқлари қачон таъмирланади?

Хўш, белгиланган вазифалар ижроси, бажарилган ишлар сифати кўнгилдагидекми? Газ таъминоти корхонаси ходимлари аҳолини узлуксиз табиий газ билан таъминлаш учун газ тармоқлари, узатиш шохобчалари ва газ тақсимлаш қутиларини мавсумга шай қилдими? Инспекциямиз мутахассислари жойларга чиқиб, бу борада амалга оширилган юмушларни ўрганди.

Афсуски, ўрганишлар давомида шаҳарнинг айрим ҳудудларида бу ишда қатор камчиликлар мавжудлиги ойдинлашди. Жумладан, газ тармоқларини мукаммал таъмирлаш бўйича шаҳарнинг Беруний кўчасидан Гагарин кўчасигача бўлган 0,9 километр узунликдаги ўрта босимли ер ости газ қувурини мукаммал таъмирлаш ишлари жорий йилнинг 2-3 чоракларида якунланиши режалаштирилган бўлса-да, бу ишларни бажаришга ҳалигача киришилмаган. Даҳбед кўчасидан Сиёб бозори ҳудудигача бўлган 0,3 километр узунликдаги ўрта босимли ерости газ қувурини мукаммал таъмирлаш ишлари июнь ойида якунланиши белгилангани ҳолда таъмирлаш ишларини иссиқ-илиқ кунларда бажаришга киришиш газчиларнинг хаёл кўчасидан ҳам ўтгани йўқ.

Газ тармоқларини реконструкция қилиш бўйича белгиланган ишлар ҳақида ҳам шундай хулосага келиш мумкин. Шаҳарнинг Муқимий кўчасидан Нодир Девонбеги кўчасигача 0,3 километр узунликдаги, Мулиён-1 маҳалласидан Термиз кўчасигача 0,4 километр узунликдаги, Боғи Мирзо маҳалласидан Термиз кўчасигача бўлган 1,5 километр узунликдаги ўрта босимли ерости газ қувурларини реконструкция қилиш ишлари, мана, қиш остона ҳатлаётган бўлса-да, умуман бошланмаган. Ахир ушбу газ қувурларидан қанча аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари фойдаланади. Қишнинг қировли кунларида бу газ қувурларида носозлик сезилса, аввало, аҳоли совуқда газсиз қолади, қолаверса, уни таъмирлаш газ ходимлари учун икки ҳисса қийинчилик келтириб чиқаради.

Хонадонларни табиий газ билан таъминлашда газ тақсимлаш қутиларининг ўрни катта. Шу боис уларни мавсум олдидан тўлиқ назоратдан ўтказиш шарт. Аммо бугунги кунгача шаҳардаги профилактикадан ўтказилиши белгиланган 2161 дона газ тақсимлаш қутисининг 351 тасида бу ишлар бажарилмаган. Назорат ва текширишдан ўтказилган газ тақсимлаш қутиларининг айримларида эса эшиклар носоз, қулф қўйилмаган, газ босимини ўлчаш манометрлари йўқ, профилактика ишлари қониқарсиз бажарилган.

Икром МАХСУМОВ,

"Ўздавнефтгазинспекция" вилоят бўлими бош технологи.