Ўткир Ҳошимов Имом Бухорий ва Амир Темур халқимизнинг бир неча асрлик маданияти, диний эътиқоди, миллий давлатчилик тарихи билан боғлиқлигини эътироф этган

Самарқанддаги Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан адабий-мусиқий тадбир ўтказилди.

Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд шаҳар бўлими, Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда самарқандлик шоир ва ёзувчилар, олий ўқув юртлари ва мактаблар ўқитувчилари, адабиёт ихлосмандлари қатнашди.

  – Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 2 декабрдаги қарорига кўра, жорий йилда юртимизда ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган атоқли адиб ва жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг 80 йиллиги кенг нишонланмоқда, бу улуғ ижодкор хотираси абадийлаштирилмоқда, – дейди Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд шаҳар бўлими раҳбари Н.Саъдинова. – Биз ҳам адиб ижодий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, айниқса, бу орқали ёшларда юксак инсоний фазилатларни шакллантириш мақсадида бугунги адабий кечани ташкил этдик. Пандемия шароитини ҳисобга олиб, шаҳардаги мактаблар ўқитувчиларининг тадбирда онлайн иштирок этиши учун имконият яратдик. Улар ва бошқа иштирокчилар вилоятимизнинг таниқли ижодкорларидан Ўткир Ҳошимов ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ қизиқарли хотираларни тингладилар.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзои Ф.Тошев Ўткир Ҳошимов Самарқандга келганида, аввало, Имом Бухорий зиёратгоҳи ва Амир Темур мақбарасини зиёрат қилишини ва бу икки даҳо номи халқимизнинг бир неча асрлик маданияти, диний эътиқоди, миллий давлатчилик тарихи билан боғлиқлигини таъкидлашини қайд этди.

Самарқанд давлат университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Р.Солиев адиб асарларида миллий турмуш тарзимиз яққол акс этгани, оилада фарзанд тарбияси, ота-онага ҳурмат, Ватанга муҳаббат ғояси устувор эканлигини таъкидлади.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари  Т.Тугалов ва бошқа ижодкорлар ҳам Ўткир Ҳошимов ҳақидаги ўз хотиралари билан ўртоқлашди.

Вилоят ахборот кутубхона-маркази ходимлари томонидан адиб ҳаёти ва ижоди ҳақида тайёрланган видеолавҳа, вилоят театри актёрларининг чиқишлари ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.