ОТМларга қўшимча грант асосидаги қабул учун тавсиянома кимларга берилиши маълум қилинди
АОКАда ўтказилган брифингда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева ушбу саволга батафсил жавоб берди.
Таъкидланишича, 2017 йилга қадар олийгоҳларда 110 минг нафар хотин-қиз таҳсил олган бўлса, ҳозирги кунда бу рақам қарийб 5 баробар кўпайиб, 500 минг нафарни ташкил этмоқда. Бу борада қизларнинг улуши 50 фоизга етди.
Жорий йилда 2 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида тегишли тоифаларга кирувчи хотин-қизларга олий таълим муассасаларига топшириш учун тавсияномалар берилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги “Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 402-сон қарорига мувофиқ, Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш жараёнлари бошланди.
Республика олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида олий маълумот олиш истагида бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларнинг танловда иштирок этиши учун тавсиянома қуйидаги 6 та мезонлар асосида берилади:
- кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар. Бунда оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад минимал истеъмол харажатлари миқдоридан ошмаганда кам таъминланган деб эътироф этилади;
- тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар;
- турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар;
- ногиронлиги бўлган фарзанди бор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар;
- икки ва ундан ортиқ фарзандларини тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида (ижарада) яшаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандлари;
- ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар.
Тавсиянома юқоридаги мезонларга мос келган шунингдек, умумий ўрта таълим, яъни 11-синф негизида ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатга эга бўлган эҳтиёжманд оилалардаги барча талабгор хотин-қизларга берилади.
Ушбу ҳужжатда жами 2000 та квота назарда тутилган бўлиб, тавсияномалар учун ҳужжатларни қабул қилиш 8 июнга қадар давом этади.
Тавсиянома олиш учун талабгор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар https://xotin-qizlar.uz/ платформаси орқали 8 июнга қадар онлайн ариза қолдиришлари лозим.
Ариза қолдириш билан боғлиқ саволлар бўйича талабгорлар доимий ёки вақтинча турган жойи бўйича яшаш жойидаги туман (шаҳар) оила
ва хотин-қизлар бўлимларига ёки Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг
(71) 202-10-76 телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Тавсиянома олиш учун талабгорларнинг аризалари 10 июнга қадар туман (шаҳар) Ишчи гуруҳлари томонидан ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади ва тавсиянома бериш ёки тавсиянома беришни рад этиш тўғрисида хулоса қабул қилинади.
Тавсиянома ишчи гуруҳи йиғилишининг якуний баённомаларига кўра расмийлаштирилган туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларининг буйруқлари асосида электрон ҳужжат шаклида қабул қилинади ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан 14 июнга қадар берилади. 15 июнга қадар тавсияномалар ўрнатилган тартибда ўз эгаларига етказилади.
Алоҳида эслатиб ўтамиз:
Тавсиянома олий маълумот олиш истагида бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга бир йил муддатга берилади.
Тавсиянома ажратилган қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларнинг абитуриент сифатида рўйхатдан ўтишида танлаган биринчи таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқини беради, иккинчи ва ундан кейинги олий таълим олиш учун танловда иштирок этишга нисбатан татбиқ этилмайди.
Тавсияномага эга бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар тўғрисидаги маълумотлар ҳар йили 15 июлга қадар Олий таълим ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг абитуриентлар базасига киритилади.
Тавсияномага эга бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар учун кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) олий таълим муассасаларининг бакалавриятига қабул қилиш бўйича белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.
Кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган балл тўплаган тавсияномага эга бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда, қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида талабаликка тавсия этилади.