Ўйнаб гапирилса ҳам, ўйлаб гапириш керак

Ижтимоий тармоқларда “Ҳокимбува Навоий пойига, ўқитувчилар ҳоким бува пойига гул қўяди!” мавзусида чоп этилган ахборот тарқалганди.
Гарчи, муаллифи кўрсатилмаган бўлса-да, бу хабар аламзадалик, пала-партиш хулосалар билан ёзилгани билиниб турибди. Буни ёзган киши агар ўқитувчи бўлса, унинг ўзбек тили байрамига нописанд муносабати бизни ҳайрон қолдирди.
Биринчидан, бу байрам катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга. У билан боғлиқ тадбирлар вилоят, шаҳар газеталарида бир ҳафта олдин эълон қилинган. Президентимизнинг байрам муносабати билан чиқарган қарори асосида кўплаб тадбирлар ўтказилди. Бундай тадбирлар ишга, ўқишга халақит берган эмас. Чунки ўзбек зиёлиси ўз она тили байрамини катта ғурур билан ўтказади. Билмадик, сизга бунинг нимаси ёқмади?
2019 йил 21 октябрь куни барча мактабларда ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида иншолар танлови якунланди. Ғолиблар тақдирланди, шоирлар, ёзувчилар билан учрашувлар ўтказилди. Бундай ҳароратли, мазмунли ишларни кўра олмаслик сизнинг савиянгизни, дунёқарашингизни кўрсатиб турибди.
Иккинчидан, Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш тадбири шаҳар эмас, балки вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилди. Унда Тошкентдан таниқли олим ва шоирлар, санъаткорлар ва вилоят жамоатчилиги вакиллари иштирок этди. Мактаб, коллеж, лицей ва олий ўқув юртларидан она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари қатнашди.
Учинчидан, Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш ўзбек тилида сўзлашувчи миллатнинг, шу тилни ўргатувчи муаллимнинг муқаддас бурчи эмасми? Ҳар бир мактабда 4-5 нафар адабиёт муаллими бор, уларни бу тадбирга таклиф этишнинг нимаси ёмон? Бу тадбир дарс каби катта сабоқ. Соат 11:00да бошланган тадбирнинг болаларингизни боғча ёки мактабга кузатишингизга нима алоқаси бор?
Тўртинчидан, текширишлар ҳақида куюниб ёзибсиз. Аслида ҳақиқатдан ҳам халқ таълими тизимидаги камчиликлар айнан назоратнинг йўқлиги, номигагина ўтказилган текширишлар оқибати эканини билмайсизми?
Тўғри, вилоят халқ таълими бошқармаси ва шаҳар халқ таълими бўлимига янги раҳбарлар тайинлангач, тасодифий ўрганишлар ўтказиляпти. Яқинда унинг натижаси билан кенг оммани таништирамиз.
Қолаверса, ҳозир ҳеч ким сизни дарсдан қолдирган эмас. Аксинча, борган киши дарсингизга кириб ўтиради. Агар дарсингизни яхши ўтсангиз, нимадан қўрқасиз?
Она тилимизни қадрлаш ҳаммамизнинг бурчимиз. Гул ҳокимга эмас, Навоий ҳайкали пойига, унинг ўзбек адабий тилининг ривожига қўшган ҳиссаси учун қўйилди.
Кейин марафон ҳақида гапирибсиз. Самарқанд шаҳри куни муносабати билан ўтказилган бу тадбир иш вақтигача ўтказилди.
Нафсиламбирини айтганда, тил байрами яхши ўтди. Сабаби ўша куни Президентимиз “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Агар шуни ҳам тушуниб етмасангиз, буёғи виждонингизга ҳавола.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.