Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Озарбайжон ва Грузияда давлат хизматлари кўрсатиш бизникидан нималари билан фарқ қилади?

Айни кунларда республика Давлат хизматлари агентлиги директори бошчилигидаги делегация Озарбайжон ва Грузия Республикаларида бўлиб, давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида тажриба алмашмоқда.

Дастлаб делегация аъзолари Озарбайжондаги Давлат хизматлари ва ижтимоий инновациялар давлат агентлиги, “Электрон ҳукуматни ривожлантириш” маркази, “Иннолэнд” инкубация маркази, “ASAN” маркази, Call-марказ, мобил “ASAN хизматлари” фаолияти билан танишди.

Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқароларга хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инновациялар давлат агентлигида бўлиб ўтган учрашувда томонлар икки давлат агентликлари ўртасида “Ҳаракатлар режаси”ни муҳокама қилди. Шунингдек, Боку шаҳридаги ASAN-XIDMET марказлари иш фаолияти билан танишиб, рақамлаштириш, фуқароларнинг насл-насаб шажарасини яратиш бўйича амалга оширилган ишлар ўрганилди. 

- Маълум бўлишича, фаолият бошлаганига 10 йилдан ортиқ вақт бўлган “ASAN-XIDMET”, “ASAN-Bus”, “ASAN-Train” ва “ASAN-Kommunal” марказлари орқали айни пайтгача 41 миллиондан ортиқ хизмат кўрсатилган, - дейди делегация аъзоси ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи М.Қурбонов. - Фуқароларга хизмат кўрсатаётган ҳар бир марказда одамларга янада қулайлик яратиш мақсадида Call-марказ, ASAN-Radio, ўқув маркази, ситиуацион марказлар фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Бундан ташқари, “ASAN-XIDMET” марказларида хизмат кўрсатувчи давлат органларининг бўлимлари, жумладан, Адлия вазирлигининг ФҲДЁ бўлимлари ҳам фуқароларга хизмат кўрсатади. Бу каби тажрибаларни ўзимизда қўллаш яхши самара беради. Биз ташриф чоғида фуқароларга давлат хизматлари кўрсатишнинг озарбайжон тажрибасини маҳаллийлаштириш масаласини ҳам кўриб чиқяпмиз. 

Делегация аъзолари қадимий Шемаха шаҳридаги замонавий “ASAN-XIDMET” маркази билан танишди, “ABAD” маркази фаолиятини ўрганди.

Грузияга қилинган сафар Тбилиси шаҳридаги "Адлия уйи"нинг “Public Service Hall” фаолияти билан танишишдан бошланди. Мазкур тизим 2011 йилда ташкил қилинган бўлиб, ҳозирда республика бўйича фаолият юритаётган 25 та "Адлия уйлари" орқали 400 тадан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилади. Республиканинг узоқ ва тоғли ҳудудларида эса 86 та марказлар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, делегация аъзолари уларнинг айримларидаги хизмат кўрсатиш иши билан танишди.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.