Ўзбекистон 1930 йилларда – хорижлик ижодкор нигоҳида
Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети тасарруфида ташкил этилган “Art station by Silk Road University” галереясининг илк кўргазмаси “Ички уфқ: Ўзбекистон 1930 йилларда Элла Маяр суратларида” деб номланди.
Швейцария элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган кўргазмада намойиш этилаётган фотосуратлар XX асрнинг 30-йилларида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қорақалпоғистон шаҳарларининг ҳавоси ва муҳитини акс эттиради. Ушбу суратлар саёҳатчи, спортчи, фотограф ва ёзувчи, ўз ҳаётини турли мамлакатлар ва маданиятларни ўрганишга бағишлаган швейцариялик Элла Маярга тегишли. У аёлларнинг жамиятдаги ўрни ҳақидаги анъанавий қарашларга қарши чиқиб, оилавий бизнесни давом эттиришни истамаган ҳолда, Швейцария Алп тоғларини, Ўрта ер денгизини забт этган. Марказий Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон, Хитой ва Туркияга саёҳат қилиб, ўзига хос тадқиқотларни амалга оширган.
Кўргазмада Маярнинг 1932 йилда Ўзбекистон, Марказий Осиё бўйлаб етти ойлик саёҳати чоғида олган фотосуратлари намойиш этилмоқда. Саёҳат таассуротлари матн ва суратлар кўринишида унинг “Осмон тоғларидан қизил қумларга” (“Turkestan Solo – One Woman's Expedition from the Tien Shan to the Kizil Kum”) китобида жамланган.
Элла Маярнинг асл фотосуратлари архиви Швейцариянинг Лозанна шаҳридаги “Photo Elysée - Musée cantonal pour la photographie” музейида сақланади. Самарқанддаги “Ички уфқ” кўргазмасида “Photo Elysée” музейи тақдим этган фотосуратларнинг рақамлаштирилган нусхалари намойиш этилмоқда.
“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети, Лозаннадаги “Елисей” фотосуратлар музейи (“Photo Elysée - Musée cantonal pour la photographie”), Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, “Элла Маяр ва Аннелиза Холлманн хонимнинг дўстлари” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазманинг очилиш маросимида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов, Швейцария ташқи ишлар вазири Иньяцио Кассис, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетининг академик тадқиқотлар бўйича проректори, профессор Раймонд Жозеф Хоффман, вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов иштирок этди.
– Ушбу кўргазма орқали 100 йилга яқин вақт олдин Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон ҳудудидаги турмуш тарзи, ҳақиқий ҳаёт манзараларини кўриш орқали ўша давр ҳақида тасаввурга эга бўлиш мумкин, - дейди Швейцария ташқи ишлар вазири Иньяцио Кассис. – Элла Маяр ёш бўлишига қарамай, ўша давр қийинчиликларини, таъқибларини бир четга суриб, Марказий Осиёдаги ҳаётни бутундунёга намойиш этишга бел боғлаган. Мана юз йилга яқинлашдики, унинг асарлари ҳамон дунё эътиборида. Биз Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон билан мустаҳкам дипломатик алоқаларини олиб бормоқдамиз. Бунда маданий алоқалар алоҳида аҳамиятга эга. Мен Самарқандга кеча келиб, шаҳарнинг бир қанча диққатга сазовор жойлари билан танишдим. Бу ўринда шуни айтишим керакки, Элла Маярни 100 йилга яқин вақт олдин бу заминга чорлаган ўзига хослик бугун ҳам хорижликларни худди шундай ўзига жалб этмоқда. Самарқандликларнинг бахти бу ерда яшаб, унинг ҳар бир қаричидан баҳра олиб умр кечиришида. Самарқанд доимо мана шундай дунё эътирофида бўлишини тилаб қоламан.
Кўргазма жорий йилнинг 8 октябригача давом этади.