“Ўзбекистон — 2030” стратегияси: Фаровонликка йўл
Самарқанд шаҳрида “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ва 2024 йилга мўлжалланган Давлат дастури ижроси устидан мониторинг ва жамоатчилик назоратини ташкил этиш, шунингдек, дастурда кўзда тутилган вазифаларни аҳолига етказиш мақсадида мониторинг ва жамоатчилик тадбирлари ўтказилди.
Дастлаб шаҳардаги ёшлар марказида Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари, “Юксалиш” ҳаракати масъуллари ҳамда вилоятдаги бошқарма, корхона-ташкилот ва муассасалар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев ушбу мониторинг ва жамоатчилик тадбирининг моҳияти, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда 2024 йил Давлат дастурининг мақсадлари, устувор йўналишлари ва вазифалари мазмуни, “Юксалиш” ҳаракати Самарқанд вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Элёр Ҳамроев ҳудудий дастурларда белгиланган вазифалар ва уларнинг бажарилиши ҳолати юзасидан фикрларини билдирди.
- Яқинда “Ўзбекистон – 2030” – халқ стратегияси” онлайн портали ишга туширилди, - деди “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков. - Ушбу портал орқали аҳоли “Ўзбекистон - 2030” стратегияси ҳамда ҳар йили Стратегия асосида қабул қилинадиган Давлат дастурларининг амалга оширилиши ва натижадорлигини мунтазам кузатиб, ўз фикр, таклиф ва муносабатларини билдириб бориш имкониятига эга. Платформада билдирилган фикр ва илгари сурилган ташаббуслар марказимиз экспертлари томонидан тизимлаштирилиб, ҳар ойда республика комиссиясига тақдим этиб борилади.
Тадбирда 2024 йилги Давлат дастури лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаларида фаол иштирок этган юртдошларимизга “Тараққиёт стратегияси” марказининг ташаккурномалари топширилди.
- “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ва 2024 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасига берган таклифларим инобатга олинди ва ижро учун масъул раҳбарлар эътиборига ҳавола қилинди, - дейди Давлат бошқаруви академияси Самарқанд ҳудудий филиали доценти Шаҳриёр Холбоев. – Бугун ташаккурнома олганим ҳамда мамлакатимиз келажаги, тараққиёти учун таклифларим эътиборсиз қолмаётганидан мамнунман. Бу борада таҳлилларим ва ўрганишларимни изчил давом эттираман.
Куннинг иккинчи ярмида Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари, “Юксалиш” ҳаракати масъуллари “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси ҳолатини ўрганиш мақсадида вилоятимиздаги бир қатор ташкилот-муассасаларда бўлди.