«Ўзбекистон-2030» стратегияси ижроси бўйича Самарқандда қандай ишлар амалга оширилган?
Президентнинг 2024 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон-2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонига асосан, энергия ресурсларини иқтисод қилиш, транспорт хизматлари, йўл инфратузилмаси, аҳолининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш, аҳолини уй-жойлар билан таъминлаш, яшиллик даражасини ошириш ҳамда маиший чиқинди хизматлари сифатини ошириш каби бир қатор вазифалар аниқ белгилаб берилган.
Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, стратегияда белгиланган вазифалар ижроси юзасида бир қатор ишлар амалга оширилган.
Хусусан, «Яшил иқтисодиёт»га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш бўйича вилоятда 84,2 МВт, шундан ижтимоий соҳа объектларига 17 МВт, маҳаллий тадбиркорлик субъектларида 44,6 МВт, аҳоли хонадонларига 22,1 МВт ва янги қурилган кўп қаватли уй-жойларнинг том қисмига 0,5 МВт қуёш панеллари ўрнатилган.
Мазкур йўналишда олиб борилаётган самарали чора-тадбирлар натижасида жорий йилда қайта тикланувчи энергия манбаларининг жами истеъмолдаги улуши 8,9 фоизга етказилган.
Ўзбекистон Республикасининг глобал транспорт-логистика тармоқларига интеграциясини чуқурлаштириш ва миллий транспорт тизимининг салоҳиятини ошириш бўйича жорий йилнинг ўтган даврида 352,3 миллион нафар йўловчига транспорт хизматлари кўрсатилиб, йўловчи ташиш хизматлари ҳажми 104 фоизга етказилган.
Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, урбанизация стратегиясини амалга ошириш, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш бўйича вилоятда 11300 та хонадонли 182 та уй-жой қурилиши белгиланган. Мазкур режа асосида бугунги кунга қадар 3797 хонадонли 62 та уй-жой фойдаланишга топширилган.
Шунингдек, Булунғур ва Ургут туманларидан ташқари Тойлоқ тумани ва Самарқанд шаҳрида «Янги Ўзбекистон» массивлари қурилиши бошланди.
Янги уй-жойлар қурилиши натижасида йил якунига қадар урбанизация даражасини 37,5 фоизга етказиш режалаштирилган.
Умуман, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 9 триллион 147 миллиард сўмлик қурилиш-пудрат ишлари амалга оширилди.
Аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 492,1 километр сув тармоқлари ва 93 та сув иншооти қурилиб, аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 77,6 фоизга етказилган.
Шунингдек, 2024 йилнинг январь-ноябр ойларида шаҳар ва қишлоқлардаги маҳаллаларнинг 3 минг километр узунликдаги ички автомобиль йўлларини асфальтлаш ва шағаллаштириш ишлари амалга оширилди.
Бундан ташқари, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йилнинг баҳор мавсумида 11,6 миллион туп (режага нисбатан 114 фоиз) манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экилган бўлса, куз мавсумида 6,5 миллион туп кўчат ўтқазилди.
Баҳорда 36 та йирик саноат корхонаси томонидан ўз ва туташ ҳудудларида 87 минг туп, кузда эса 51 минг туп кўчат экилиб, «яшил белбоғ»лар яратилди.
Вилоятда бу каби тадбирлар орқали яшиллик даражаси 8,7 фоизга етказилди.
Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари сифатини яхшилаш бўйича вилоятдаги 1126 та маҳалладан 1123 таси қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари билан қамраб олинган. Чиқиндиларни қайта ишлаш билан шуғулланувчи 19 та тадбиркорлик субъекти томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 24 минг 272 тонна полимер маҳсулотлари, қоғоз-картон чиқиндилари қайта ишланиб, чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 38 фоизга етказилди.
Асосийси, Иштихон ҳамда Жомбой туманларидаги 2 та маиший чиқинди полигони ёпилиб, маиший чиқинди полигонларини қисқартириш даражаси 7,5 фоизга етказилди.
Атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш, унинг табиий таркибини сақлашга оид кескин чоралар кўриш бўйича вилоятдаги 7 та саноат корхонасида локал оқова сув тозалаш иншоотларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.
Ёқубжон Марқаев тайёрлади.