Ўзбекистон афғон қочоқларини қабул қилмайди
Ижтимоий тармоқларда айрим ахборот агентликлари ва веб-сайтлари орқали "Ўзбекистон Афғонистондаги Толибон режимидан қочганларга ўз чегараларини очишга тайёрлиги" ҳақидаги маълумотлар тарқалди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳозирда хавфсизликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон-Афғонистон чегараси тўлиқ ёпилган ва "Термиз" назорат-ўтказиш пунктидан қуруқлик орқали ўтиш амалга оширилмаяпти.
Яқин орада Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги «Термиз» назорат-ўтказиш пунктини очиш кўзда тутилмаган.
Чегарани кесиб ўтишга бўлган ҳар қандай уринишлар, уларнинг сабабларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бартараф этилади.
Ўзбекистон томони қатор давлатларга охирги 12 кун ичида Афғонистондан ўз фуқароларини эвакуация қилиш бўйича гуманитар операцияларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиб, уларнинг мамлакатимизга келиши ва Ўзбекистонни тарк этиши фақат ҳаво йўли орқали амалга оширилди.
Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида афғон қочоқларини қабул қилмаслигини, транзитда ёрдам кўрсатишини, уларнинг мамлакатда қатъий чекланган вақтда бўлиб туришини яна бир бор маълум қилади.
Ўзбекистон томони Афғонистон билан анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш ҳамда қўшни мамлакатнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига қатъий содиқлигини яна бир бор таъкидлайди.