Ўзбекистон АҚШ билан қандай келишувларга эришди?
АҚШ компаниялари билан турли соҳаларда ҳамкорлик ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича 12та ҳужжат имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Қўшма Штатларга ташрифи арафасида жорий йилнинг 15 сентябрь куни Вашингтонда Ўзбекистон-Америка бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, саноат бирлашмалари, тижорат банклари ва инвестиция тузилмалари раҳбарлари, шунингдек, АҚШнинг АКТ, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, транспорт, банк иши ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган йирик корпорациялари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон томони иқтисодиёт, савдо, саноатни ривожлантириш ва сармоявий муҳитни яхшилаш бўйича эришилган муҳим ютуқларни тақдим этди. Хусусан, бошқа фактлар қаторида эркин бозор ва соғлом рақобат механизмлари яратилгани, тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани ривожлантириш, энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича ислоҳотлар амалга оширилгани, иқтисодиётда давлат иштирокининг қисқаргани ва кенг кўламли хусусийлаштириш жараёнлари бошлангани қайд этилди.
Ўзбекистон халқаро инвестиция доиралари, жумладан, Америка инвесторлари ўртасида сармоя киритиш учун жозибадор манзилга айланди. Бугунги кунда Ўзбекистонда АҚШнинг 300 та компанияси фаолият юритмоқда, бу 2017 йилдаги кўрсаткичдан икки баравар кўпдир. Мамлакатимиз иқтисодиётининг автомобилсозлик - "General Motors", қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш - "John Deer", "CNH", газ ишлаб чиқариш - "Air Products", қишлоқ хўжалиги - "Silverleafe" ва бошқа соҳаларида АҚШ компаниялари муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, тоғ-кон саноати, кимё ва энергетика саноати, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электроника, ахборот технологиялари каби иқтисодиёт тармоқлари қўшма инвестисия лойиҳаларини амалга оширишнинг энг истиқболли йўналишлари сифатида белгилаб олинди. Юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уни учинчи давлатларга экспорт қилиш бўйича қўшма корхоналар ташкил этишда катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Икки давлат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш муҳимлиги, барча қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда давлат идораларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлиги таъкидланди.
Тадбир давомида глобал рақобат, таъминот занжири барқарорлигини таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, инновацияларни рағбатлантириш, стратегик прогнозлаш, хусусийлаштириш ва молиявий-техник ҳамкорлик масалалари бўйича алоҳида сессиялар ўтказилди.
Бизнес-форум Ўзбекистон ва АҚШ вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари ва етакчи компаниялари раҳбарларининг «Г2Б» ва «Б2Б» форматидаги учрашувлари билан давом этди. Унда иштирокчилар қўшма корхоналар ташкил этиш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш масалаларини атрофлича муҳокама қилишга муваффақ бўлдилар.
Тадбир якунида энергетика, машинасозлик, АКТ, қишлоқ хўжалиги, молиявий-техник ва илмий-техник ҳамкорлик, тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби соҳаларда 12 та ҳужжат имзоланди.