Ўзбекистон армияси тарихида биринчи маротаба қўмондонлар ваколатлари кенгайтирилди

Ўзбекистон армияси тарихида биринчи маротаба ҳарбий унвон бериш ҳамда лавозимга тайинлаш бўйича округ қўмондонлари ваколатлари кенгайтирилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.

Мудофаа вазирининг тегишли буйруғига кўра, эндиликда қўмондонлар кичик сержант, III даражали сержант, II даражали сержант, I даражали сержант ҳарбий унвонларидан ташқари, кичик офицерлар таркибига - катта лейтенант ҳамда капитан унвонини бериш ҳуқуқига эга бўлди.

Шу билан бирга, қўмондонларга ҳарбий қисм командирлари ўринбосарлари, бўлинма командирлари, хизмат бошлиқларини лавозимга тайинлаш ҳамда лавозимдан озод этиш каби ваколатлар ҳам берилди.

Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник А.Саидов буйруғи билан 27 февраль куни 3 нафар офицерга – Самарқанд ва Жиззах гарнизонида хизмат қилаётган тиббий хизмат катта лейтенанти Холмуҳаммад Умаров, катта лейтенант Бобур Рўзиев ҳамда тиббий хизмат катта лейтенанти Дилмуроджон Мирзаевга капитан унвони топширилди.

Маълумот ўрнида, 2020 йилга қадар офицерлик унвонлари (лейтенантдан полковник унвонигача) Мудофаа вазири томонидан берилган. Генерал унвони эса Президент томонидан топширилади.