Армия томорқачиларга ёрдам бермоқда

Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ташаббуси билан Навоий вилоятининг Кармана туманидаги 900 хонадонга сув чиқариб берилади. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.

Вазирлик ва ҳарбий округ тасарруфидаги муҳандислик бўлинмаларидан тузилган йиғма бурғулаш отряди томонидан сув таъминоти оғир аҳоли пунктларида деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари учун суғориш қудуқлари қазиб берилмоқда.

18 апрель куни кўчма отряд Кармана туманидаги Кумушкон аҳоли пуктига бориб жойлашди. У ерда ҳарбий хизматчилар томонидан дала чодирлари тикланиб, махсус техникалар учун жой ҳозирланди.

Ҳозирги кунгача ПБУ-50, ПБУ-200 ҳамда УДВ-15 кўчма бурғулаш техникалари ёрдамида 20 оила томорқасига сув чиқариб берилди. Аҳоли яшаш манзилларида 15 метргача чуқурликдан сув тортиб чиқарилмоқда.

Мудофаа вазирлиги муҳандислик техникалари Хатирчи туманидаги Ўзбекистон қишлоғида ҳам бурғулаш ишларини давом эттирмоқда. Қир-адирлардаги лалмикор ерларда 200 метргача чуқурликдан сув қазиб чиқарилиши кўзда тутилган.