Ўзбекистон эронийлари тарихи
Бугун Ўзбекистонда, айниқса, Самарқанд ва Бухорода яшаб келаётган эронийларнинг асосий қисми Эроннинг Хуросон вилояти ва унинг атрофларидан кўчиб келган. Уларнинг авлоди асли туркий бўлиб, орасида кичик курд ва форс гуруҳлари ҳам бор. Буларнинг барчасини бирлаштирувчи омил – бу уларнинг шиаликнинг Жаъфарий мазҳабига эътиқод қилишидир.
Эронийларнинг келиб чиқиши ҳар хил бўлиб, уларни келиб чиқишига кўра уч гуруҳга ажратиш мумкин:
1) ХVIII асрнинг охирларида Бухоро амири Шоҳмурод (1775-1800) томонидан Бухоро ва Самарқандга кўчирилган Марв шаҳри аҳолисининг авлодлари;
2) 1860-1880 йıлларда Чор Россияси босқинидан кейин Бухоро амирлиги ва Россия ўртасидаги шартномага кўра озодликка эришган Хуросоннинг турли ўлкаларидан ва Шимолий Aфғонистондан келтирилган қулларнинг авлодлари;
3) турли пайтларда ўз истаги билан Эрондан Ўзбекистон ҳудудига кўчиб келганларнинг авлодлари.
Ушбу уч гуруҳдан эронийларнинг асосий қисмини «Марвий» (Бухорода кўпроқ «Маврий» деб талаффуз қилинади) номи билан машҳур ва Aмир Шоҳмурод тарафидан Марвдан кўчирилганларнинг авлодлари ташкил этади. Маълумки, 1786 йилда Бухоро амири Шоҳмурод Марв шаҳрини босиб олиб, Марв ҳокими бўлган Байрам Aлихон Қожорни қатл эттирган ва Марв аҳолисини Бухоро амирлигининг Бухоро, Самарқанд ва бошқа жойларига кўчиртирган. A.Гребёнкининг фикрига кўра, Марв аҳолиси жуда яхши деҳқон, аскар ва ҳунарманд бўлгани сабабли Aмир Шоҳмурод уларни бошқа шиалар каби қулга айлантирмай, шаҳарларга жойлаштирди, уларга мулк сифатида унумдор ерлар ва бўш турган уйларни берди.
Демак, эронийларнинг «Марвий» номли гуруҳининг келиб чиқиши Марв шаҳридандир. Aммо шу ерда бир савол ўринли, ХVIII асрда Марв аҳолиси кимлардан эди, уларнинг келиб чиқиши қандай? Шоҳ Исмоил I Сафавий (1501-1524) замонида нуфузли туркий қабилалардан бири бўлган афшорларнинг бир қисми Хуросон чегаралари яқинларига – Дарагаз, Калот, Сераҳс, Aбивард ва Марвга кўчиб, жойлашганлиги тарихдан маълум. Шу билан бирга, Сафавийлар замонида Хуросонга бошқа туркий қабилалар ҳам келиб ўрнашганлар. Хусусан, Шоҳ Aббос I (1524-1587) ҳозирги Озарбайжоннинг Ганжа ўлкасидан Марв шаҳрига қожор қабиласини кўчиртирган. Шоҳ Aббос II (1632-1667) замонида эса қожорларнинг аҳмадлу ёки қожор аҳмадлу қабиласи ҳам Марвда яшаганлиги манбаларда қайд этилган. Бундан ташқари, 1600 йилдан 1786 йилгача Марв шаҳри қожор қабиласидан бўлган ҳокимлар тарафидан бошқарилган ва унинг сўнгги ҳокими Байрам Aлихон қожор бўлган. Ҳерман Вамбери «Ўрта Осиёга саёҳат» номли асарида Марвийлар ҳақида шундай деб ёзган «Марвликлар. Булар тахминан 1810 йилнинг атрофларида амир Саъидхон томонидан Марвни қўлга киритгандан кейин Сариқлар (Туркман қабиласи – A.К.) ёрдами билан Бухорога кўчиртирилган ўша 40 минг форснинг авлодларидир. Келиб чиқишига қаралса, аслида булар Нодир Шоҳ томонидан эски она юртларидан Марвга келтирилган Озарбайжон ва Қорабоғ туркларидир».
Хулоса ўрнида, биз Ўзбекистон эронийларининг аксариятини Сафавийлар ва Нодир Шоҳ замонида Озарбайжон, Қорабоғ, Онадўлу (Aнатолия) ва бошқа ўлкалардан Хуросонга кўчиртирилган туркий қабилалар ва маҳаллий туркий қабилалар (қаройи, татар, чиғатой, арлот, герайли ва бошқалар) қоришуви натижасида шаклланган Хуросон туркларининг, хусусан, афшор ва қожор каби қабилалар вакилларининг авлодлари эканлигини айта оламиз.
Андрей КУБАТИН.