Ўзбекистон фуқароларига Афғонистон, Эрон ва Италияга бормай туриш тавсия этилди
COVID-19 коронавирусининг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида мамлакатимиз Транспорт вазирлиги Афғонистон Ислом Республикаси, Эрон Ислом Республикаси ва Италия Республикаси авиация идоралари ва компанияларини 2020 йил 1 мартдан мазкур давлатлар билан авиақатновларнинг вақтинчалик тўхтатилганлиги тўғрисида расман хабардор қилди.
Ўзбекистон томони коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятнинг барқарорлашиши билан мазкур мамлакатлар авиакомпанияларининг мавжуд слотлари қайта тикланишига кафолат берилишини тасдиқлади.
Ўзбекистон фуқароларига Афғонистон, Эрон ва Италиядаги ҳолатнинг яхшиланишига қадар ушбу мамлакатларга боришдан тийилиб туришлари тавсия этилади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда ТИВ хорижда, жумладан, коронавирус билан оғриган беморлар аниқланган давлатлар ҳудудида бўлиб турган мамлакатимиз фуқароларига зарур ҳолатларда Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади.