Ўзбекистон & Германия: эпидемиологик вазият ва одамлар дунёқарашида қандай фарқ бор — мутахассис баҳо берди

Профессор, тиббиёт фанлари доктори, таниқли инфекционист, микробиолог Вернер Бэр бир ойдан бери Коронавирусга қарши курашиш штабида консультант сифатида бўлиб турибди. ССВ матбуот котиби олим билан суҳбат уюштирди:

- Бир ой давомида юртимиздаги эпидемиологик вазиятни ўрганиш имконингиз бўлди. Уни қандай баҳолайсиз?

- Аслида бу менинг Ўзбекистонга иккинчи ташрифим. Биринчи марта май ойида келгандим. Ўша пайтдаги ва ҳозирги вазиятни таққосласам, айни вақтда янги касалланиш ҳолатлари сезиларли даражада ошди.

Ҳозир Ўзбекистонда кузатаётганларим Германияда 1-2 ой аввал бўлган вазиятга ўхшайди. Ушбу таққослаш имкониятининг ўзига хос афзалликлари ва ижобий томонлари мавжуд. Чунки мен Германияда тўплаган тажрибамни Ўзбекистонда қўллаш имкониятига эга бўлганимдан мамнунман.

Германия ва Ўзбекистонда одамларнинг эпидемиологик вазиятни қабул қилишида фарқ кузатдингизми?

- Йўқ, аксинча. Одамларнинг хатти-ҳаракатларини таҳлил қилсак, улар Германиядагига жуда ўхшаш. Яъни, дастлаб одамлар вирус хавфини жиддий қабул қилишди, тартиб-интизомга қатъий риоя этишди. Аммо вақт ўтиши билан фуқаролар бўшашдилар: ораларидаги ижтимоий масофани сақламай, ниқобларни тўғри тақмай қўйишди.

Мен ҳозир худди шунга ўхшаш вазиятни бу ерда ҳам кузатмоқдаман. Куни кеча меҳмонхона деразасидан шундай ҳолатни кузатдим: фаввора ёнида ёшлар ниқобни тўғри тақмаган ва ижтимоий масофани сақламаган ҳолда дам олишаяпти.

Афсуски, Германияда одамлар тартиб-интизомга риоя қилишни унутган ўша пайтда вируснинг қайд этилиши анча ўсди. Вазиятдан фойдаланиб, юртингиз аҳолисини огоҳликка чақирмоқчиман.

Агар орангизда шундай бефарқ одамлар кўпаядиган бўлса, 1-2 ой ичида касалликни янги юқтирганлар сони кескин ортиши мумкин. Шунинг учун ҳам эҳтиёт чораларига қатъий амал қилишлари зарурлигини айтмоқчиман. Вазиятни назорат қилиш одамларнинг ўз қўлларида.