Ўзбекистон меҳнат бозорида 13,6 миллион киши иш билан таъминланган
Бугун Ўзбекистон меҳнат бозорида 13,6 миллион киши банд бўлиб, улардан 5,6 миллиони расмий ва 7,9 миллиони норасмий секторда, жумладан, 2,6 миллион киши меҳнат мигранти сифатида меҳнат қилмоқда, дейилади “Меҳнат вазирлиги” телеграм каналида.
Норасмий сектордаги бандлик кўрсаткичи секин-аста камайиб, расмий секторга ўтилмоқда. Мустақиллик йиллари давомида бу йил биринчи марта расмий секторда банд бўлганлар сони 300 мингдан ортди.
Меҳнат миграцияси соҳасида Ўзбекистон ва Россия Ҳукуматлари ўртасида 2017 йил 5 апрелда тузилган ҳамкорлик келишувига асосан эндиликда ушбу тармоқни янги босқичга олиб чиқиш режалаштирилган.
Хусусан, 2020 йилда Россия Федерациясининг Красноярск ўлкаси, Татаристон Республикаси, Астрахан, Ростов, Ленинград, Новосибирск вилоятлари билан бандлик ва меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик келишувларини имзолаш ва биргаликда қатор тадбирларни ўтказиш кутилмоқда.
Бу ҳақда Бухоро вилоятида Ўзбекистон ва Россия Ҳукуматлари ҳамкорлигида меҳнат миграцияси соҳасида олиб борилаётган чора-тадбирлар масаласига бағишлаб ўтказилаётган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов айтиб ўтди.
"Тартибли меҳнат миграцияси бу бирор давлатга ишни нақд қилиб, иш жойи ва иш берувчи ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиб бориш демакдир. Афсуски, мазкур жараённи тўлалигича тартибга солиш жуда мураккаб. Бу борада бизда тайёр механизмлар йўқ. Уни биргаликда яратамиз", дея таъкидлади Россия Меҳнат ва бандлик федерал хизмати раҳбари Михаил Иванков.