Ўзга юртда, Ватандан ва яқинлардан олисда кўнгилсиз ҳолатга тушмай десангиз...
Кейинги йилларда Ташқи меҳнат миграцияси билан боғлиқ вазият тубдан ўзгарди. Бу ватандошларимизнинг хорижда ишлаши учун шароит яратиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, кафолатли меҳнат бозорини яратиш, қолаверса, юртдошларимиз Ватанга қайтиб келгандан кейин ҳам эътибордан четда қолмаслигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларда намоён бўляпти. Бугунги кунда агентликнинг вилоят филиали томонидан олиб борилаётган ишлар ҳам салмоқли.
Соҳадаги янгиликлар ҳақида ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вилоят филиали раҳбари Суннатилла Абдусаидовга бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.
- Суннатилла ака, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг фаолият мақсади нималардан иборат? Бугун хорижда ишлаш истагида бўлган ҳар қандай фуқаро ҳам афсуски, бундан хабардор дея олмаймиз.
- Айнан шундай. Шу сабабли хорижда ишлашни мақсад қилган кўпчилик фуқаролар бевосита шу ишга масъул расмий ташкилот – Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига эмас, аксинча, фирибгарликни мақсад қилган кишиларга мурожаат қилади, уларга ишонч билдиради. Оқибатда эса ҳали четга чиқиб улгурмай, баъзан хорижга борганидан сўнг алданганини тушунади. Ана шундан кейингина улар агентликка ёрдам сўраб мурожаат қилади. Афсуски, бугун ҳам бу каби ҳолатлар кўп учраяпти. Эҳтимол, фаолиятимизни ёритишда ўзимиз ҳам фаол бўлишимиз, бу каби ҳолатларнинг олдини олишимиз керакдир.
Бугунги кунда агентликнинг устувор вазифаси фуқароларга хорижда меҳнат фаолиятини олиб бориш ва меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга ишга жойлашишда кўмаклашишдан иборат. Бу йўналишда хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилиш, хавфсиз, тартибли, қонуний меҳнат миграцияси тизимида фуқароларни ишга юбориш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тизимли ишлар олиб бориляпти. Энг муҳими, кейинги йилларда соҳада меъёрий-ҳуқуқий база яратилди. Меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш мақсадида 2016-2022 йилларда соҳага доир 17 муҳим ҳужжат, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг иккита қонуни, Президентнинг тўққизта қарори, битта фармони, Вазирлар Маҳкамасининг бешта қарори қабул қилинди.
- Меҳнат мигрантларини касбга тайёрлаш ва тил ўргатиш мақсадида қисқа муддатли курслар ташкил этилган эди. Уларнинг самараси кўриняптими?
- Вилоятда хорижга ишлаш учун кетмоқчи бўлган фуқароларни касбга ва чет тилларига ўқитиш бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида “Ишга марҳамат” мономаркази ҳамда 4 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолияти йўлга қўйилган. Бундан ташқари, қурилиш соҳасида 16 йўналишда мутахассис тайёрлаш маркази ишга туширилди. Шунингдек, Японияда ишлаш учун “Япон тили ва махсус касбий малака тайёрлаш” курслари, Германияда ишлаш учун кетишдан олдин тайёрлаш маркази каби хорижий ўқув муассасалари ташкил этилган. Японияда қишлоқ хўжалиги, қарияларни парваришлаш ва ишлаб чиқариш соҳаларида ишлаш истагидаги 30 ёшдан 50 ёшгача бўлган фуқароларни “Ишга марҳамат” мономарказида япон тили курсларига ўқитиш йўлга қўйилди. Фуқаро ишсиз бўлса, ўз ҳудудидаги аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази йўлланмаси асосида бепул ўқиши мумкин. Дарслар малакали мутахассислар томонидан 6 ой давомида олиб борилади. Курсларни муваффақиятли тугатиб, япон тилини N4 даражада ўзлаштирган фуқаролар иш берувчилар талаби билан агентлик томонидан танлов асосида ташкилий ҳолда Японияга ишга юборилади.
Жорий йилнинг 9 ойида мономарказлар, касб-ҳунар марказлари ва қисқа муддатли курсларда хорижда ишлаш истагида бўлган 4,5 минг нафар фуқаро касбга ва чет тилларига ўқитилди. Ўқув жараёнини муваффақиятли якунлаган 119 нафар тингловчига рус тили, 11 нафарига япон тили бўйича сертификатлар берилди.
- Юртимиздан хорижга ишлаш учун кетаётганлар асосан, Россия Федерациясига йўл олади. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, миграциянинг географиясини кенгайтириш жуда муҳим.
- Албатта, тўрт-беш йилдирки, бу йўналишда фаол иш олиб бориляпти. Хусусан, салоҳиятли иш берувчилар билан 399 та ҳамкорлик шартномалари имзоланганди. Меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш мақсадида Германия, Польша, Сербия ва Англия давлатларининг ишга жойлаштириш соҳасида ваколатли компаниялари билан тузилган шартномалар асосида хорижий иш берувчилар иштирокида танловлар ўтказилмоқда. Фуқароларни ривожланган давлатларга, яъни кўпроқ маош бериши мумкин бўлган мамлакатларга юбориш бўйича шу давлатларнинг иш берувчилари билан доимий музокаралар олиб бориляпти. Мақсад юртдошларимизни фақат бир ёки икки давлатга боғланиб қолмасдан, хорижда манзилли, хавфсиз иш билан таъминлашдан иборат.
Жорий йилнинг 9 ойида Сербияга 68 нафар, Англияга 6 нафар, Жанубий Кореяга 278 нафар ва Германияга 5 нафар фуқаро ишга юборилди.
- Хориждаги меҳнат мигрантларини ҳуқуқий, ижтимоий ва лозим пайтда моддий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида бир нечта мамлакатларда агентликнинг вакилликлари иш бошлаган эди.
- Бугунги кунда Корея Республикасининг Квангжу, Қозоғистоннинг Чимкент, Туркиянинг Истанбул, Россия Федерациясининг 16 та шаҳрида агентликнинг ваколатхоналари фаолият юритмоқда. Хорижда юрган фуқаролар, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун бошпанасиз қолганда ва оғир вазиятга тушганда ваколатхоналарга мурожаат қилишлари мумкин. Жорий йилнинг 9 ойида хориждаги 2 минг 142 нафар юртдошимизга ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
Алоҳида таъкидлаш ўринлики, меҳнат мигрантлари учун суғурта полислари ташкил этилган. Аэропортда махсус хона ташкил этилиб, агентлик томонидан хорижга ишга кетаётган фуқароларга суғурта полиси берилади ва у қайси давлатда ишлаётган бўлса, керак пайтда ўша ҳудуддаги вакилга мурожаат қилиши мумкин. Бугунгача хорижга ишлаш учун кетаётган 6 минг 48 нафар фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғи суғурта қилинди.
Меҳнат миграцияси орқали хорижга чиқиб кетаётган 431 нафар фуқарога “Микрокредитбанк” томонидан ишга жойлашиш харажатларини қоплаш учун микроқарзлар берилди. Бундан ташқари, вилоятда мунтазам равишда хорижий иш берувчи компаниялар иштирокида меҳнат ярмаркалари ташкил қилинмоқда.
- Хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларига иш топишда қандай ёрдамлар кўрсатиляпти?
- Қайтиб келган меҳнат мигрантлари билан суҳбат ўтказилиб, қизиқиши ва касбига қараб, бандлиги таъминланяпти. Жумладан, жорий йилда хориждан қайтиб келган 95 нафар фуқарога ўз тадбиркорлигини бошлаши учун кредит ажратишда кўмак берилди. Бундан ташқари, қайтиб келган 21 нафар фуқаро тадбиркорликка ўқитилди. Шунингдек, қурилиш соҳасида ишлаш истаги бўлган 358 нафар фуқаро қурилиш корхоналарига ишга жойлаштирилди.
Албатта, ишлаш мақсадида чет элга кетаётган ватандошларимиз тезда етиб бориб, оиласига пул жўнатишни истайди. Бироқ, бирор ҳунари йўқ, борган мамлакати қонунчилигидан хабардор бўлмагани оқибатида турли муаммоларга дуч келади. Унутмаслик лозимки, қайсидир хорижий мамлакатда ишлашни мақсад қилган киши аввало, бирор касбни пухта эгаллаши ва ўзи бормоқчи бўлган давлат тилини маълум даражада билиши лозим. Ана шунда Ватандан ва яқинларидан олисда кўнгилсиз ҳолатларга тушиб қолмайди.
Сулаймон МАРДИЕВ суҳбатлашди.