Ўзбекистон талабалари ассоциацияси ташкил этилди

2020 йил 25 декабрь куни ўтказилган Ёшлар форумида давлатимиз раҳбари талабаларнинг таклифларини тинглаб, уларни қўллаб-қувватлаган эди. Хусусан, ўша тадбирда самарқандлик талабалардан бири томонидан билдирилган талабалар ассоциациясини ташкил этиш таклифи ҳам маъқулланганди.

Ўтган ҳафта Самарқандда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган талабалари ассоциациясининг биринчи таъсис форуми бўлиб ўтди. 

Онлайн-мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда мамлакатимиздаги нуфузли олий таълим муассасалари билан бирга Халқаро университетлар ассоциацияси, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Нидерландия, Россия, Ҳиндистон, Афғонистон, Исроил, Туркия, Беларусь, Венгрия каби давлатларнинг талаба-ёшлари иштирок этди.

- Ассоциацияни ташкил этишдан асосий мақсад талабаларни жамоатчилик бошқаруви асосида бирлаштиришдан иборат, - дейди Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов. – Давлатимиз раҳбари бу ташаббус самарқандлик ёшлардан чиққан экан, улар муаллифлик қилсин, шу вилоят ассоциациянинг жойлашув ўрни бўлсин, деган фикрни илгари сурди.  

Форумда Ўзбекистон талабалар ассоциациясини ташкил этиш масаласи онлайн сўровнома орқали овозга қўйилди. Унда иштирок этганларнинг деярли барчаси Самарқанд давлат университети ҳузурида Ўзбекистон талабалар ассоциациясини ташкил этишни ёқлаб овоз берди. 

- Юртбошимизнинг форум доирасидаги ёшлар билан учрашувида Ўзбекистон талабалари ассоциациясини ташкил этиш таклифини билдирган эдим, - дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси Маржона Самадова. – Орадан кўп ўтмай бу ташаббус амалга ошди ва ассоциациянинг биринчи таъсис йиғилишини ўтказдик. Ишонаманки, ушбу лойиҳа мамлакатимизда талабалар жамияти қурилишининг муҳим пойдевори бўлади.

Тўлқин Сиддиқов.