Ўзбекистон ва Сингапур Президентлари музокара ўтказдилар
Учрашув аввалида Сингапур Президенти давлатимиз раҳбарига Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келиш таклифи ва Сингапур делегациясига кўрсатилаётган илиқ қабул учун самимий миннатдорлик билдирди. Бўлажак Ўзбекистон Президент сайловида катта муваффақиятлар тилади.
Ушбу олий даражадаги ташриф икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 25 йил ичида биринчиси экани таъкидланди.
Жорий йил бошидан ўзаро савдо кўрсаткичлари бир неча баробар ошди. Сингапур Ўзбекистоннинг энг йирик инвесторлари сафига кирди.
Бугунги кунда Сингапурнинг “Indorama”, “Meinhardt Group”, “Franklin Templeton”, “Enercon”, “PSA”, “Changi Airport” ва бошқа етакчи компаниялари билан биргаликда кимё ва тўқимачилик саноати, транспорт ва логистика, шаҳарсозлик, таълим хизматлари, хусусийлаштириш соҳаларида 3,8 миллиард долларлик лойиҳаларнинг амалга оширилиши фаол паллага кирган.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларининг Сингапур бозорига етказиб берилишини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси негизида ташкил этилган қўшма таълим маркази доирасида Сингапурнинг давлат бошқаруви ва бошқарув кадрларини тайёрлаш борасидаги тажрибасини жорий этиш муҳимлиги таъкидланди.
Сингапурнинг Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари фаолияти ҳамда икки мамлакат ўртасидаги мунтазам маданий, таълим ва туризм алмашинувларнинг фаоллашиши қўллаб-қувватланди.
Давлат раҳбарлари Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёда минтақавий интеграциянинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиб, халқаро майдонда, энг аввало БМТ доирасида ҳамда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёнида ўзаро англашув ва қўллаб-қувватлаш даражаси юқори эканини қайд этдилар.