Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил топганига 30 йил тўлди

Сана муносабати билан ўтказилган тадбирда партиянинг мамлакатимизда демократик ислоҳотларни мустаҳкамлаш, кучли фуқаролик жамиятини қарор топтиришдаги ҳиссаси эътироф этилди.

Қайд этилганидек, фаоллар гуруҳи ўтиш даврида - 1991 йил 14 сентябрь куни манзилли ижтимоий ёрдам ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари ва гуруҳлари манфаатларини ифода этувчи ва илгари сурувчи партияни ташкил этиш ташаббуси билан чиққан. Ўша йили бугунги сана - 1991 йил 1 ноябрда – Халқ демократик партиясининг I таъсис қурултойи бўлиб ўтган. Қурултойда партия Устави ва дастурини қабул қилиниб, ижтимоий-сиёсий фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланган.

Дарвоқе, қурултой ишида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган ва партиянинг келгуси фаолиятига муваффақият тилаган.

Йил якунигача партия Адлия вазирлигида рўйхатга олиниб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, барча туман ва шаҳарларда ҳудудий ташкилотлари ташкил этилган. Ўша вақтда партия сафида 347,7 минг аъзо 11,3 минг бошланғич ташкилотлар орқали бирлашган.

2000 йил январда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўп партиявийлик асосида илк бора ўтказилган сайловда партия Марказий Кенгаши биринчи котиби Абдулҳофиз Жалолов ХДПдан номзод бўлган. Кейинги сайловларда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ҳотамжон Кетмонов ва Мақсуда Ворисоваларнинг номзоди кўрсатилган.

Бугунги кунда партия тузилишига кўра, Марказий, 14 та ҳудудий ҳамда 22 та шаҳар ва 179 та туман ташкилотлари, шунингдек, партия аъзоларини иш жойи ва яшаш жойи бўйича бирлаштирган 10 мингдан зиёд бошланғич ташкилотларидан иборат. Самарқанд вилояти Кенгаши 16 та шаҳар-туман кенгашлари, 421 та бошланғич партия ташкилотида 21 мингдан зиёд аъзоларни бирлаштирган. Халқ депутатлари вилоят Кенгашида 7 нафар, шаҳар- туман кенгашларида 104 нафар депутат партиядан сайланган депутатлар фаолият олиб бормоқда.

– Ўтган давр мобайнида партия кенгашларининг депутатлар билан алоқаси мустаҳкамланди, – дейди партия вилоят Кенгаши раиси Бадриддин Насриев. –Халқ дардига қулоқ тутиш, уларнинг муаммоларини ўрганишда биргаликда фаолият олиб борилмоқда. Жойларда парламент, депутатлик ва жамоатчилик назорати кучайтирилди. Натижада аҳолининг уларга бўлган ишончи янада ошмоқда.

Тадбир давомида партиямиз фахрийларидан (марҳум) Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродов, Дўпол Носирова, Майрам Шодиева, Дилбар Имомова, Маҳорат Боқиева ва бир қатор фаолларимизнинг исмлари алоҳида тилга олинди. Уларнинг фаолияти давомида партия дастурий ғояларини кенг тарғиб қилишдаги, оммалаштиришдаги ўрни эътироф этилди.

Шунингдек, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол қатнашиб, партия нуфузини оширишда фидойилик кўрсатиб келаётган фахрийлар, депутатлар ва фаоллар меҳнати алоҳида тақдирланди.

 Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши ахборот хизмати.