Халқ демократик партиясидан одамлар нимани кутиши керак?
Жорий йил октябрь ойида юртимизда Президент сайловлари бўлиб ўтади. Амалдаги тартибга кўра, президентликка фақат рўйхатдан ўтган сиёсий партиялар номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга. Яъни, жараён партиялар учун яна бир синов даври бўлади. Шу боис, мавжуд сиёсий партияларнинг вилоят Кенгаши раҳбарларига сайловга тайёргарлик жараёни юзасидан бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.
Сўровимизга ХДП вилоят кенгаши раиси Бадриддин Насриев қуйидагича жавоб берди.
- Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан октябрь ойида бўлиб ўтадиган Президент сайловига қандай тайёргарлик кўрилмоқда?
- 2021 йил 27 июль куни Марказий кенгашимиз Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши чақирилди. Унда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Президент сайловидаги иштироки, бу борада асосий тадбирлар календарь режаси, партия марказий сайлов штабини ташкил этиш, партия ваколатли вакилини белгилаш, партиянинг янги сиёсий рекламаси ва мафтункор имижини яратиш ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш масалалари кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Шулардан келиб чиқиб, 7 август куни Марказий кенгашнинг IV пленуми чақирилди. Унда партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш, партиянинг XII қурултойини чақириш вақти, жойи ва унинг кун тартиби, қурултойга делегатлар сайлаш масаласида партия минтақавий кенгашлари пленумларини ўтказиш, ҳудудий кенгашлардан делегатлар сайлаш тартиби, партиянинг янги рамзини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорлар қабул қилинди.
Пленумда Самарқанд вилоят кенгашининг навбатдаги пленуми 26 август куни ўтказилиши белгиланди. Унда партиянинг сентябрь ойида Тошкент шаҳрида бўладиган XII қурултойига делегатлар сайланади.
Умуман, Ўзбекистон ХДП томонидан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурини партиянинг ҳудудий ва бошланғич партия ташкилотларида сайловчиларга кенг ва аниқ етказиш, сайловчиларнинг кўп минг сонли овозига эга чиқиш ва шу тариқа сайловда ғалаба қозонишни олдимизга мақсад қилганмиз.
- Вилоятда сайлов натижалари қандай бўлишини кутяпсизлар?
- Вилоятда мавжуд 20 мингдан зиёд аъзоларимиз ҳамда кўп минг сонли партиямиз хайрихоҳлари ва электорат вакилларимизга таянган ҳолда сайловда муваффақият қозонишимизга ишонамиз.
Сабаби, бизнинг сайловолди дастуримиз ўта халқчил. Шу билан бирга аҳолининг эҳтиёжманд, кўп фарзандли, боқувчисини йўқотган қатлами, чин етимларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар кўзда тутилган. Бу эса халқнинг ишончига сазовор бўлишимизга замин бўлади.
- Партиядан президентликка кўрсатилган номзод учун табиийки, вилоятда ҳам ишончли вакил сайланади. Бу вазифа ким(лар)га топширилиши режалаштирилган? Унинг қайси жиҳатлари сайловолди тарғиботида самара беради, деб ўйлайсиз?
- Партиядан президентликка кўрсатилган номзоднинг ишончли вакили номзодга сайлов кампаниясини ўтказишга ёрдам берувчи, сайлаш учун тарғибот-ташвиқот олиб борувчи, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодаловчи шахс ҳисобланади. Шу сабабли вилоятда обрў-эътиборга эга, ўз фикрини тўлиқ ифода эта оладиган, партиямиз фаолларидан номзодлар шакллантирилиб, партия Марказий кенгаши ишчи гуруҳига тақдим этилди.
- Умуман, Ўзбекистон ХДПдан кўрсатилган номзод сайловларда ғалаба қозонса, одамлар нимадан умид қилишлари мумкин?
- Биз учун асосий устувор йўналиш, авваламбор, аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кучли ижтимоий сиёсатни юритишдан иборат. Бу меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлишини, фуқароларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлиги қўллаб-қувватланиши ҳамда рағбатлантирилишини, ёшларга, уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта иш ўрнига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитлар яратилишини, пенсионерлар, ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва аҳолининг меҳнатга лаёқатсиз бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжлари тўлиқ қондирилишини кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизими шакллантирилиши билан боғлиқ масалаларни қамраб олади.
Кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоялаш сиёсатини изчил давом эттириш лозим. Бунда ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ўртасида боқимандалик кайфиятини бартараф этишга қаратиш, уларнинг ташаббускорлигини рағбатлантириш, меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда нафақалар ва моддий ёрдамни асосан кам таъминланган оилалар, ижтимоий ёрдамга муҳтож қариялар ва болаларга йўналтириш ниҳоятда муҳим масала. Бизнинг номзод ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга оширишда барқарор иш ўринларини яратиш кўрсаткичлари муҳим мезонлардан бўлиши лозим, деб ҳисоблайди. Шундай экан вилоятимизнинг 2 миллиондан ортиқ сайловчилари бизга ишониб овоз беришади, деган умиддамиз.
- Жорий йилнинг ўтган даврида партия депутатлик гуруҳи томонидан муайян масала ўрганилиб, вилоят Кенгаши сессиясига олиб чиқилмади. Бу ҳолат сайловларда акс таъсир қилмайдими?
- Фикрингизга қўшилмайман. Негаки, жорий йилнинг ўтган даврида партия депутатлик гуруҳи томонидан вилоят Кенгаши сессиясига 2 та масала киритилди. Бундан ташқари, туман ва шаҳар кенгашлари сессияларида депутатларимиз олиб чиққан 62 та масала кўрилди.
Оддий мисол, вилоят Кенгашида Самарқанд тумани сектор раҳбарлари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига манзилли ёрдам кўрсатишда кўзбўямачиликка йўл қўйилаётгани аниқ фактлар билан очиб берилди. Шу боис, сессияда туман сектор раҳбарларига аниқланган камчиликларни бир ой муддатда бартараф қилиб, Кенгашга ҳисобот бериш вазифаси қўйилди.
Айтмоқчи бўлганим, депутатлик гуруҳларимиз электоратимиз ва сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилишда фаол иш олиб бормоқда. Бу албатта, ўтказиладиган сайловда номзодимизга ишонч билдирилишида муҳим омил бўлиши, шубҳасиз.
Ёқубжон Марқаев суҳбатлашди.