ХДП депутатлик гуруҳлари томонидан 17 та масала маҳаллий Кенгашлар сессияларига олиб чиқилган
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилояти Кенгаши ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуришни ва буни Конституцияда мустаҳкамлаш кераклиги таъкидлангани қайд этилди.
Табиийки, бу тамойил Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларининг асосий ғояси ҳисобланади ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бош мақсад этиб белгиланганлиги, шунинг учун Президентимизнинг фикрларини қўллаб-қувватлаб, партия ташкилотларининг ушбу йўналишда амалга ошириладиган ишларда фаол иштироки зарурлиги қайд этилди.
Бунда биринчи навбатда, таълим ва тиббий хизмат сифатини янада ошириш, барча ислоҳотларимиз замини бўлган маҳалланинг нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Шундан келиб чиқиб, барча даражадаги депутатлар ва партия кенгашлари ижтимоий йўналишда, шу жумладан, таълимда амалга оширилаётган ислоҳотларда жамоатчилик ва депутатлик назоратини олиб боришлари зарур, деган қарорга келинди.
Таъкидланганидек, 2022 йилда партия электорати манфаатлари ҳимоясига қаратилган турли лойиҳалар доирасида 324 нафар хотин-қизни касб-ҳунарга ўқитишга кўмаклашилди, 45 нафарининг бандлиги таъминланди, 56 нафарига ўз тадбиркорлигини бошлашга ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 428 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, қийнаб келаётган муаммолари ўрганилди. Уларга озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар тарқатилиб, совуқ кунларда кўмир билан таъминланди.
Партия ташаббуси билан “Соғлом аёл керак ҳаётга” лойиҳасида 122 марта бепул тиббий кўрик ташкил этилиб, 1016 нафар хотин-қизларнинг саломатлиги текширувдан ўтказилди.
Ёлғиз кексалар, боқувчиси йўқотган оилаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамда олис ҳудудларда истиқомат қилувчи эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш мақсадида 570 та маҳалладаги 1710 нафар хонадоннинг муаммолари ўрганилиб, зарур амалий ёрдамлар кўрсатилди.
2022 йилга мўлжалланган Ҳаракат дастури асосида халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари томонидан 21 та масала доимий комиссиялар, 17 та масала маҳаллий Кенгашлар сессиялари кун тартибига олиб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган.
Партия кенгашлари қошида фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва электоратни ташвишлантираётган асосий муаммоларини ўрганиш мақсадида фаолият юритаётган “Жамоатчилик қабулхоналари”га 1037 та мурожаат келиб тушган. Уларда кўтарилган масалаларнинг 833 таси депутатлар ва ҳамкор ташкилотлар билан ижобий ҳал этилган, 204 таси тегишли ташкилотларга юборилиб, ижроси назоратга олинган.
Йиғилишда бу каби ишлар эътироф этилиши баробарида 2022 йилда йўл қўйилган камчиликларга танқидий баҳо берилди, партиянинг 2023 йилга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастури ижросини таъминлаш, “Жамоатчилик қабулхоналари”нинг фаолиятини янада жонлантириш бўйича тавсиялар берилди.