“Ўзбекистонда изланувчан, ўрганишга қизиқиши баланд ёшлар жуда кўп” — Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Манфред Ҳутерер
ГФР Федерал канцлери ташрифи арафасида Германиянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Манфред Ҳутерернинг ОАВда интервьюси эълон қилинди.
– Жаноб элчи, фаолиятингизни бошлаганингизга кўп вақт бўлмади ва айни шу паллада Германия канцлери Олаф Шольцнинг Ўзбекистонга узоқ кутилган, тарихий ташрифи амалга оширилади. Шу ўринда, кун тартиби ҳақида тўхталсак. Бундан ташқари, икки томонлама алоқаларимизнинг бугунги ҳолати ҳақида фикрларингиз қандай, қайси йўналишларни устувор деб биласиз?
– Дарҳақиқат, икки давлат ҳамкорлигида янги уфқларни оча оладиган ушбу ташриф фаолиятимнинг илк ойларида амалга оширилаётганидан жуда хурсандман. Германия канцлери Олаф Шольцнинг Ўзбекистонга ташрифи унинг Марказий Осиё давлатларига бўлган биринчи сафари ҳисобланади ва шубҳасиз, бу ташриф муҳим аҳамиятга эга. Германия канцлери охирги марта Ўзбекистонга, умуман минтақага 22 йил аввал ташриф буюрган эди. Шунинг ўзиёқ мазкур ташрифнинг нақадар муҳимлигидан далолат беради. Шунингдек, Германия учун Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё давлатларининг алоҳида аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади.
Ташриф икки томонлама алоқаларимизни янада ривожланишига қўшимча туртки беради. Kанцлер делегацияси таркибидан Германиянинг йирик ишбилармон доиралари вакиллари ҳам ўрин олган. Бу эса ташриф доирасида иқтисодий масалаларга алоҳида урғу берилишининг белгисидир. Умуман олганда, сиёсий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар батафсил муҳокама қилинади. Учрашувларда салмоқли битим ва ҳужжатлар, жумладан, Германия ва Ўзбекистон ўртасида миграцияга оид кенг қамровли шериклик тўғрисидаги битим имзоланиши кутилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаб ўтишим керакки, Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар бугунги кунда ҳали ҳеч қачон икки томонлама муносабатлар тарихида бўлмаган даражадаги чўққига етди. Ўзбекистон ўзини бутун дунё мамлакатларига очди ва барча соҳалардаги имкониятлари, салоҳиятидан унумли фойдаланиш учун янги қадамлар қўймоқда.
Давлатларимиз ўртасидаги муносабатларда ўзаро савдо айланмаси ҳажмини кўпайтириш, инвестициялар киритиш ва биргаликда иқлим ўзгаришига қарши курашиш, илм-фан вакиллари ўртасидаги алмашувни янада ривожлантириш ва халқларимизни яқинлаштирувчи қатор жабҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан икки томон манфаатдор.
– Бугунги кунда иқтисодий алоқалар Ўзбекистон-Германия муносабатларининг энг муҳим қисмидир. Сўнгги йилларда, айниқса, бу борада юқори динамика қайд этилмоқда. Сиз буни қандай баҳолайсиз, умуман, Ўзбекистоннинг Германия учун иқтисодий ва инвестициявий жозибадорлиги қандай? Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар муносабати билан Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиши, яратилган ишбилармонлик муҳити Германия учун қандай имкониятлар очмоқда, деб ўйлайсиз?
– Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон Ҳукумати томонидан барча соҳаларда, жумладан иқтисодий соҳада ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Иқтисодиётни либераллаштириш ва бу борадаги ҳолатларни қайтадан тартибга солиш, шахсий мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги каби йўналишлар ўз натижасини кўрсата бошлади.
Ўзбекистон иқтисодиёти бошқа давлат иқтисодиётлари билан кенг бир тармоқ ичига бирлашиб кетди, бу эса немис иқтисодиёти учун жуда ижобий ҳолат ҳисобланади. Компанияларимиз диверсификация қилинган шароитда ўз фаолиятини олиб бориш тарафдори. Ўзбекистонда мавжуд немис капитали асосидаги компанияларнинг айримлари бир неча йиллар давомида бу ерда фаолият юритиб, кўплаб товар ва маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда, яратилган шароит ва имкониятлардан фойдаланмоқда. Бироқ давлатларимиз ўртасидаги салоҳият жуда юқори. Биргина текстил ва аграр соҳадаги алоқаларни мисол қиладиган бўлсак, фойдаланилмаган катта салоҳият мавжудлигини кўрамиз. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон модернизация ва жуда тўғри ислоҳотлар йўлидан бормоқда.
– Германиядаги ўзбек диаспораси ва Ўзбекистондаги этник немис диаспораси ҳақида гап борганда ушбу муносабатларни қандай баҳолаш мумкин. Умуман олганда, халқ дипломатияси, маданият, санъат, туризм ва бошқа йўналишларда мамлакатларимизнинг истиқболини қандай баҳолайсиз?
– Биласизми, Ўзбекистон бозори Марказий Осиё бозорига кириш дарвозаси ҳисобланади ва шу билан бирга кўплаб имкониятларни тақдим этади. Мамлакатингиз табиий ресурсларга бой, туризм салоҳияти жуда юқори, изланувчан, ўрганишга қизиқиши баланд ёшларингиз жуда кўп. Ушбу омилларнинг ўзиёқ, юртингизнинг келажагига ишора қилади.
Яқинда немис диаспорасининг Тошкентдаги маркази очилишида иштирок этдим ва бу ишларнинг барчасини амалга ошириш Ўзбекистон ҳукуматининг қўллаб-қувватловисиз имконсиз эканлигини тушундим. Биламиз, немисларнинг бу ҳудуддаги, минтақадаги тарихи камида 50 йилни ташкил этади. Ҳозирги вақтга қадар улар Ўзбекистонда яшаб, ижтимоий-иқтисодий жараёнларни амалга оширишда ўз ҳиссасини қўшиб келишган.
Шу ўринда Германиянинг Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва бошқа давлатларда яшовчи немис диаспоралари бўйича вакили Павлик хонимнинг қуйидаги сўзларини таъкидламоқчиман: "Диаспора сиёсати бу тинчлик сиёсати" деганидир. Мен бу фикрга тўлиқ қўшиламан, чунки ҳамма нарсани сиёсат ёки иқтисодий ривожланишга ташлаб қўйиб бўлмайди. Бу ривожланиш ҳар доим маданий ва инсонлар ўртасидаги алоқалар, алмашинувларга бориб тақалади. Шундай экан, маданий алоқаларни доимий ривожлантириб боришимиз керак, чунки бу бизнинг умумий муносабатларимиз мустаҳкамлигига салмоқли ҳисса қўшади.
– Марказий Осиё давлатлари орасида немис тилини ўргатувчи мактаблар сони бўйича Ўзбекистон биринчи ўринда туради. Умуман олганда, Ўзбекистон ва Германия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик йилдан-йилга юксалиб бораётганини кузатяпмиз. Ушбу йўналишдаги ишлар ҳақда қандай фикрдасиз?
– Дарҳақиқат, немис тилини ўрганувчилар сони кўплиги жуда қувонарли. Ушбу даражани ушлаб қолиш ва ривожлантириш учун етарлича ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, Ўзбекистонда 19 та PASCH мактаблари бор, улар "келажак мактаблари" ҳисобланади, бундан ташқари немис тили дипломларини берувчи мактаблар ҳам мавжуд. Гёте институти ва Чет элдаги мактаблар бўйича марказий идора фаолият юритади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Германия университетлари, жумладан, Мюнхен техника университети ва Янги Ўзбекистон университети ўртасида мустаҳкам алоқалар йўлга қўйилган. Бунинг натижаси ўлароқ, ёш ўзбек олим ва олималари учун қисқа ва узоқ муддатли стипендиялар жорий этилиши кўриб чиқилмоқда.
Юқорида таъкидлаганимдек, Германия ва Ўзбекистон муносабатлари турли соҳаларда мунтазам саъй-ҳаракатлар асносида юқори ўсиш натижаларини қайд этмоқда.
Манба: “Дунё” АА.